Автоблогер Бобур Ғаниевнинг адвокати томонидан келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2021 йил 1 октябрь куни Бобур Ганиев, А.Козубаев ва О.Салимовга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг 2021 йил 1 октябрь кунидаги қарорига нисбатан, Бобур Ганиевнинг адвокати Ф.Толибов томонидан апелляция шикояти келтирилган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси 2021 йил 6 октябрь куни Б.Ганиевга нисбатан жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Бобур Ганиевнинг адвокати Ф.Толибов томонидан келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирмасдан қолдирилди.

Қайд этиш жоиз, суднинг қарорига кўра, Ганиев МЖтКнинг 41-моддаси, 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган ва унга:

— МЖтКнинг 41-моддаси билан билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида – 5.400.000 сўм жарима жазоси;

— МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида – 270.000 сўм жарима жазоси;

— МЖтКнинг 195-моддаси 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси;

— МЖтКнинг 34-моддасига асосан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ҳуқуқбузар Ганиевдан маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш муассасаси фойдасига маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи, яъни 40.500 сўмдан, жами 607.500 сўм пул ундирилиши белгиланган.

МЖтКнинг 183-моддаси билан А.Козубаевга тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари МЖтК 271-моддасининг 1-бандига асосан тугатилган.

А.Козубаев МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисми ва 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган ва унга:

— МЖтКнинг 194-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1  баравари миқдорида – 270.000 сўм жарима жазоси;

— МЖтКнинг 195-моддаси 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси;

— МЖтКнинг 34-моддасига асосан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ҳуқуқбузардан маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш муассасаси фойдасига маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи, яъни 40.500 сўмдан, жами 607.500 сўм пул ундирилиши белгиланган.

МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан О.Салимовга тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари МЖтК 271-моддасининг 1-бандига асосан тугатилган.

О.Салимов МЖтКнинг 195-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилган ва унга ушбу модда билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ҳуқуқбузардан маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш муассасаси фойдасига маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи, яъни 40.500 сўмдан, жами 607.500 сўм пул ундирилган.