Тошкентда Бодибилдинг ва жисмоний спорт турлари бўйича XII жаҳон чемпионати бошланди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Тошкентдаги “Хумо Арена” спорт мажмуасида 4–6 октабр кунлари Бодибилдинг ва жисмоний спорт турлари бўйича XII жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақада дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан 350 нафар делегат қатнашишмоқда.

Жаҳон чемпионатида эркаклар ва аёллар қуйидаги тоифаларда ғолиблик учун ўзаро мусобақалашади:

Бодибилдинг — мускулларнинг энг катта ҳажмига эга спортчилар баҳслашадиган мусобақанинг энг машҳур тоифаси;

Атлет-физик — бу тоифада спортчилар ўз машғулотлари, овқатланиши ва турмуш тарзини идеал жисмоний ҳолатга эришиш учун тузадилар;

Фитнес-физик — бу тоифада қадди-қомат, эластиклик, нафислик, техника ва эстетика баҳоланади, бундан ташқари акробатика элементлари ҳам ҳисобга олинади;

Модель-физик — бу тоифада спортчилар мақбул мушаклар массасига эга келишган тана тузилишларини намойиш қилишлари керак;

Спорт-физик — бу тоифада иштирокчиларнинг вазни, тана тузилиши ва жисмоний ҳолати ҳисобга олинади.

Мусобақанинг очилиш маросимида Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Авазжон Каримов, Жаҳон бодибилдинг ва жисмоний спорт федерацияси (WBPF) президенти Датук Пол Чуа, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдурахмонов, Ўзбекистон бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг федерацияси раиси Одил Абдурахмоновлар иштирок этди.