2021 йил 4 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг АҚШ Конгресси вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Мулоқотда сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.

Конгресс вакилларининг қайд этишича, Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг ҳозирги даражаси тарихий ривожланиш босқичида турибди ва “Стратегик ҳамкорликнинг янги даври” сифатида таърифланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва АҚШ Конгресси ўртасида яқин мулоқот йўлга қўйилган.

Учрашувда парламентлараро алоқаларни, шу жумладан, парламентлараро гуруҳлар даражасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўллари ҳамда икки мамлакат парламенти вакилларининг ўзаро ташрифларини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

АҚШ Конгреси вакиллари мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга, жумладан, мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашиш ва диний эркинликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ўзгаришларга юқори баҳо берди.

 

Қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, жамиятда хотин-қизлар ролини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув давомида томонлар ҳамкорликнинг бошқа масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.