Манба: BBC | Аброр Эшонхонов тайёрлади

Журналистларнинг Халқаро Консорциуми (ICIJ, хусусан, Jorj Soros жамғармаларидан бири томонидан молиялаштирилиб, бир қанча жаҳон раҳбарларининг оффшор схемаларга алоқадорлиги ҳақидаги “Pandora ҳисоботини”ни эълон қилди.

Таъкидланишича, ушбу ҳисоботга 117 мамлакатдан 600 дан ортиқ журналистларнинг ҳисоботлари ва 11,9 миллиондан зиёд файлларнинг ошкор қилиниши натижасида олинган маълумотлар жойлаштирилган.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ҳисобот бериш лойиҳаси (OCCRP) маълумотларига кўра, файлга 35 та амалдаги ва собиқ миллий раҳбарлар, шунингдек, 100 га яқин мамлакатдан 400 та расмийлар киритилган.

“Pandora ҳисоботи”да 3 триллион сўм миқдоридаги солиқларни тўламаганлик ва мамлакат активларини ноқонуний равишда ўзлаштирганликда айбланган ва 5 йил муддатга қамалган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова миллионларни қаердан қўлга киритгани ҳақида маълум қилинган.

Муҳаммад Амерси – Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг сайловолди кампаниясига ҳисса қўшган донор Европа тарихидаги энг йирик можаролардан бирига аралашган.

Хусусан Амерси Telia компаниясининг Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги фаолиятида оффшор битимларни тузиш ва амалга оширишда айбланмоқда ва бу келишувларни тузишда айнан Гулнора Каримованинг қўли борлиги маълум қилинган.

Муҳаммад Амерси 2018 йилдан бери Британиянинг Консерваторлар партиясига 525 минг фунт стерлинг хайрия қилган.

Сизиб чиққан ҳужжатлар унинг қандай қилиб Швеция телекоммуникация ширкати учун бир қатор зиддиятли келишувларни амалга оширганини ҳам ошкор қилади. Ушбу ширкат кейинчалик АҚШ тарафидан 965 миллион миқдорида жаримага тортилган. Фактлар аниқ кўрсатилган бўлса-да Амерси ўз бўйнига қўйилган айбловларни рад этди.

BBC Panorama гуруҳи тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми ҳамда “The Guardian” нашри билан бирга текширув олиб бориб, Муҳаммад Амерси 2010 йили офшор ширкатга 220 миллион доллар тўлов ўтказиш каби зиддиятли жараёнда иштирок этгани ҳақидаги ҳужжатларни қўлга киритди.

Бу ширкатни ўша пайтдаги Гулнора Каримова назорат қилган,  АҚШ ҳукумати эса220 миллион долларни пора, деб атаган.

Амерсининг адвокатларига кўра, офшор ширкат Telia тарафидан текширилган ва маъқулланган бўлган ва шу боис у ҳеч қандай хавотир уйғотмаган.

Муҳаммад Амерси аслида ким?

Аслида келиб чиқиши Эрон ва Ҳиндистон бўлган Муҳаммад Амерси Британия фуқароси бўлиб, Кенияда дунёга келган.

У Британияда Шеффилд ва Кембридж университетларида таббиёт ҳамда ҳуқуқшуносликка ўқиган.

Ўз хайрия жамғармаси веб-саҳифасида “глобал коммуникацияда атоқли ишбилармон, филантроп ва ғоялар лидери” деб тарифланган.

Амерсининг пора ишига алоқаси қандай?

BBC қўлга киритган далилларга кўра, Муҳаммад Амерси Телиа ширкатининг бошқа келишувларига ҳам аралашган.

Ширкат ички ҳисоботларидан сизиб чиққан ҳужжатлар шахси номаълум яъни Mr.XY номли маслаҳатчининг фаолиятини тасвирлайди ва олти йил давомида унга 65 миллион доллардан кўпроқ пул тўланганини таъкидлайди.

Ушбу тўловлар орасида ойида ўртача 100-200 минг долларлик дабдабали корпоратив кўнгилхушликлар ҳам бор, аммо улар учун кетган сарф-харажатлар квитанциялари йўқ.

Ҳисоботда урғуланишича, маслаҳатчига тўланган маблағларнинг баъзилари қонуний имтиёзлардан номақбул фойдаланиш ҳамда транзакцияларни муваффақиятли амалга оширишга эришиш учун ишлатилган.

Telia ширкатининг собиқ ижроия раҳбари ва ширкатни “тозалаш” учун тайинланган Микаэла Алберг BBC билан суҳбатда ҳисоботдаги номи очиқланмаган маслаҳатчи айнан Муҳаммад Амерси эканлигини айтган.

Унинг атрофидаги одамлар, унга ишонганлар ва унга қулоқ тутадиганлар унинг фаолияти ва бойлиги борасида тушунчага эга бўлишлари муҳим”, деган Алберг.

Қайд этилишича, Муҳаммад Амерси 2014 йили Telia йиллик учрашувида эслатилган маслаҳатчи бўлган ва Евроосиёдаги баъзи транзакциялар ортидан ширкат билан ўртасидаги келишувлари тўхтатилган.

Ўшандан бери Telia ширкати Марказий Осиёдан чиқиб кетди ва у ердаги бизнесларини сотди.

Ҳозирда Telia Скандинавия ҳамда Шимолий Европадаги фаолиятига урғу бермоқда ва корпоратив бошқарувда ўзгаришлар қилган. Эндиликда очиқлик ва шаффофликка эътибор қаратишини айтмоқда.

Жаноб Амерсининг адвокатлари эса унинг шартномаси тўхтатилганини сохта деб аташмоқда.

Уларга кўра, у ширкат раҳбарлари билан бирга юқори мартабали сиёсатчиларни учратган, аммо фақат муайян шахслар билан иш олиб борган ва у инсонлар асосий ташкилотлардаги сиёсатдонлар бўлишмаган.

Адвокатларнинг айтишича, унинг гонорар ва чиқимлари айни соҳадаги амалларга тўлиқ мос бўлган ва ширкат мунтазам тарзда квитанцияларни кўрсатишни талаб қилмаган.

Бизнинг мижозимиз норматив имтиёзларни қўлга киритиш ва телекоммуникация шартномаларига эришиш учун Telia ширкати учун канал вазифасини ўтагани ҳақидаги айбловлар мутлақо уйдирма”, – дейишган унинг адвокатлари.

Pandora Papers – сизиб чиққан 12 миллионга яқин ҳужжат бўлиб, улар дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда яширин келишувларини ошкор этади.

АҚШда Тадқиқотчи журналистлар халқаро консорциуми қўлга киритган маълумотлар энг йирик глобал текширувларга етаклади.

Дунёнинг 117 мамлакатидаги 600 нафардан кўпроқ журналист ер юзидаги энг қудратли инсонларнинг яширин бойликлари билан таниша олишди.

Амерси “чўнтаги”га бу пуллар қаердан тушган?

Муҳаммаднинг бойлиги манбалари қаерда деган саволлар айнан Манчестерда Британия Консерваторлар партиясининг йиллик анжумани ўтадиган паллага тўғри келган.

У 2019 йилги сайловлар учун 100 минг фунт стерлинг ва Бош вазирлик кампаниясига 10 минг фунт стерлинг ҳадя қилган.

Амерсининг Россияда туғилган ҳамкори Надежда Родичева ҳам 2017-2018 йиллар давомида Британия Консерваторлар партиясига 250 минг доллардан кўпроқ пул туҳфа қилган.

Сиёсий қонунчилик бўйича таҳлилчи Гевин Милларнинг фикрича, Консерваторлар партияси бу пулларни қайтариши тўғри йў бўлишини маълум қилган.

“Менимча, улар пулларни қайтариб бериши керак… агар донор борасида жиддий саволлар сўралаётган бўлса”, – дейди у.

Лекин таҳлилчининг қўшимча қилишича, “улар пулларни қайтариш масъулияти остида эмас ва бирон қонун ёки йўриқнома уларни бунга мажбурлай олмайди”.

Ўтган йиллар давомида Британиядаги бошқа асосий сиёсий партиялар – Лейбористлар ва Либерал-демократлар ҳам (ҳадя қилинган) пулларни қайтариш чақириқларига юз тутишганди.

Айни дамда донорлар учун фақат Буюк Британия сайлов реестрида бўлиш етарли. Партиялар буни текширгач, истаганча маблағни қабул қилаверишлари мумкин.

Сўнгги ойларда Муҳаммад Амерси катта пул эвазига Британия Бош вазири ва Молия вазири билан мунтазам тарзда учрашиб келган донорлар қаторида тилга олинмоқда.

12 миллионга яқин ҳужжат – Pandora Papers

Pandora Papers’ Жаноб Амерси номи билан боғлиқ 12 миллионга яқин ҳужжат тўплади ва уларни эълон қилди.

Ҳужжатлар Британия Виргин ороллари, Панама ва Сингапурдаги офшор молиявий ширкатлар қандай ишлашлари тафсилотларини кўрсатади.

Сизиб чиққан ҳужжатларда Британия собиқ Бош вазири Тони Блер ва унинг рафиқаси Чери айнан офшор келишувларни ишга солиб, 6,45 миллион фунт стерлингга кўчмас мулк сотиб олишгани ва шу асно 312 минг доллар мулк солиғи тўлашдан қутулиб қолишгани ҳақида ҳам ёзилган.

Ҳужжатларга биноан, Муҳаммад Амерси махфий офшор ширкатларни ишга солиб, Британияда иккита кўчмас мулк сотиб олади.

Гулнора Каримова ва Муҳаммад Амерси ҳийласи

Муҳаммад Амерси Гибралтарда жойлашган ширкатга 220 миллион доллар тўлаш бўйича музокараларда ҳам иштирок этган. Бу ширкатга эса Гулнора Каримова офшор компания орқали махфий тарзда эгалик қилган.

Telia ўз ширкатларидан бирининг ҳиссаларини 2007 йили унга берган. Орадан уч йил ўтиб эса ушбу ҳиссаларнинг аксарини ўзи яна 220 миллион долларга сотиб олган.

Telia ўша пайтда Ўзбекистондаги фаолияти учун янги рухсатнома олишга интилаётган бўлган. Айни ҳаракат бўйича қўзғатилган жиноий ишда АҚШ ҳукумати бу усулни Ўзбекистонда телекоммуникация бизнесини юритиш учун  берилган пора деб атаган.

Табиийки ўша вақтда БМТда элчи бўлган Гулнора Каримова Ўзбекистонда таъсирга эга эди. Айни ҳаракат АҚШ Адлия вазирлиги тарафидан Telia ширкати ва унинг баъзи мулозимларига қарши қўзғатилган ишнинг бир қисми сифатида кўрилади. Ушбу жараён 2017 йили тугаган ва маҳкамага етиб бормаган.

Чунки, Telia ширкати аксилкоррупция қонунларини бузганини тан олган ва 965 миллион доллар жарима тўлашга розилик берган.

Швецияда Телиа ширкати мулозимлари Гулнора Каримова билан олди-берди ишлари бўйича айбланган, аммо бу мамлакатнинг порахўрликка оид қонунлари ушбу ҳолатда тадбиқ этилмаслиги учун улар оқланганлар.