Британия бош вазирининг Афғонистон бўйича махсус вакили Саймон Гасс “Толибон” раҳбарияти билан учрашиш учун Кобулга келди. Бу ҳақда Афғонистон Ислом Амирлиги Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул-Кахар Балхий  маълумот берди.

Мазкур учрашувда “Толибон” тарафидан:  Амир-Хон Муттаки, Ташқи ишлар вазири, Абдулғани Бародар, бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Абдул-Салам Ҳанафий, Бош вазирнинг иккинчи ўринбосари қатнашди.

Дастлаб “Толибон” томони барча давлатлар, жумладан Буюк Британия билан муносабатларни яхшиламоқчи эканлигини, лекин бунинг учун конструктив қадамлар ташлаши кераклигини айтди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида учрашувда қуйидаги мавзулар кўтарилганини қайд этди.

“Толибон”га гуманитар инқирозни енгишда ёрдам бериш

– Терроризмга қарши кураш зарурати

– Афғонистонни тарк этишни истаган ҳар бир кишига бепул ўтишни таъминлаш

– Аёллар, этник ва диний эркинлик ҳуқуқлари

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон муваққат ҳукуматида ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган Амирхон Муттақий Кобулда Ўзбекистон элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов билан учрашган эди.