Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда 129 та пахсадан қурилган мактаб янгиланганини маълум қилди. Бу ҳақда “Daryo.uz” хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Мирзаев ушбу янгиликни Деҳқонобод туманида бўлиб ўтган уч авлод учрашувида маълум қилган.

Мен ҳар доим айтиб чарчамайман, бир йилда кўпи билан 100 та мактабни таъмирлардик, 20 та ёки 40 та янги мактаб қурардик.

Агар таҳлил қиладиган бўлсак, бир йилда Қашқадарёдаги мавжуд 1210 та мактабнинг 813 таси қайта таъмирланди, янгиланди. Бу эса 600 миллиард сўм дегани”, — деган вилоят ҳокими.

Зоир Мирзаевнинг қўшимча қилишича, 2021 йил Қашқадарёдаги мавжуд 129 та пахса мактаб ҳам янгиланган.

Қайд этилишича, 2021 йилда Қашқадарёдаги қурилиш ишларига республика бюджетидан 2,4 триллион сўм маблағ ажратилган.

Биз ўртача бир йиллик қурилишлар учун энг кўпи билан 800 миллиард сўм маблағ олганмиз. Бу ҳам 2020 йилда бўлган. Лекин 2021 йилда 2,4 триллион маблағ олдик.

Халқаро валюта жамғармасининг 2020 йил якунлари бўйича хулосасида бутун дунё иқтисодиёти 4 фоизга ортга кетгани маълум қилинди.

Аммо Ўзбекистонда 1,7 фоизга ўсиш кузатилди. Шунинг ҳисобига республикадаги қурилишларга, жумладан, Қашқадарёнинг ўзига 2,4 триллион маблағ берилди”, — деди вилоят раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг ҳисоботи Сенатда танқидий муҳокама қилинган эди.