Кеча 3 октябрь куни, Тошкент халқаро кинофестивали ёпилиш маросимида, унинг иштирокчилари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллашди. Мурожаатни машҳур рус кинорежиссёри ва продюсер Тимур Бекмамбетов ўқиб эшиттирди.

“Ипак йўли дурдонаси” кинофестивали иштирокчилари Шавкат Мирзиёевга ушбу афсонавий киновестивални қайта тиклангани учун ўз миннатдорчилигини билдиришди.

Қарийб чорак асрлик танаффусдан сўнг, сизнинг ташаббусингиз билан қайта тикланган “Ипак йўли дурдонаси” XIII халқаро кинофестивали элликка яқин мамлакат киноижодкорларини жамлади.

Ҳафта давомида Ўзбекистон экранларида жаҳон кинематографиясининг сўнгги йилларда суратга олинган энг сара асарлари намойиш этилди, соҳадаги ўзгаришлар ҳақида фикр алмашилди, ёшлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

Фестиваль туфайли дунёни қамраб олган пандемия сабабли бир-бирини узоқ вақтдан бери кўрмаган инсонлар яна учрашишди, узоқ кутилган дўстона учрашувлар ва янги танишувлар бўлиб ўтди.

Шунингдек, ушбу кинофестиваль Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари Тошкент халқаро кинофестивалининг барча анъаналарини ўзида мужассам этганини ва халқаро талаблар ва стандартлар асосида юқори савияда ўтказилганини мамнуният билан қайд этмоқчимиз”, – дейилади мурожаатда.

Хулоса қилиб айтганда, кинофестиваль иштирокчилари Ўзбекистон кино саноати дунёдаги энг ривожланган тармоқлардан бирига айланиши учун барча саъй -ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдиришди.

Таъкидлаш жоизки, Президентга мурожаат “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали делегациялари иштирокидаги форумида бир овоздан қабул қилинди.