Қашқадарё вилоят Жиноят судида 2020 йилнинг 4 октябрь куни болта билан чопиб ўлдирилган чол-кампир ўлимида гумонланганлар устидан суд бошланди ва судья Ботир Диёров жараённи ёритиш истагида бўлган журналист ва блогерларнинг видео, фото ҳамда аудиоматериал тўплашига тўсқинлик қилди.  Бу ҳақда Effect.uz Ахборот агентлиги мухбири Даврон Ҳасанов хабар бермоқда.

Судьяга илтимоснома киритиб, мазкур жараён ижтимоий тармоқларда бот-бот кўтарилаётганини айтсак-да, судья Ботир Диёров жараёнда кузатувчи сифатида қатнашишимиз мумкинлигини, бироқ аудио, фото ҳамда видеоматериаллар тўплашимизга рухсат бермаслигини айтди.

Сабабини сўраганимизда эса тайинли асос келтиролмади. Шунинг учун биз суд залини тарк этишга мажбур бўлдик“, — дейди Даврон Ҳасанов.

Судда сўз олган Шалола Жўраева 2020 йил 4 октябрь кунидаги воқеани эсга олиб, ўша куни кечки пайт боласини эмизиб, ётиб ухлаганини, бироздан сўнг деразасининг тагидан югуриб ўтган кишининг оёқ товушлари эшитилганини айтди.

“Аввалига қайнотам бўлса керак деб ўйладим, сўнгра қайнотам кекса киши бўлса, қандай югуради деб ўйладим.

Сўнг жим бўлди, кейин ётдим. Соатини билмайман, бироздан сўнг яна эшигим тортилди. Ташқаридан Шалола, Шалола, деб чақиришди.

Турмуш ўртоғим уйда йўқ эди. Чақирган одам эриммикин деб, сизмисиз, дедим. Индамади-да, эшикни тортди, эшик очилиб кетди.

Болам совқотмасин деб, эшикни ёпиш учун ўрнимдан турдим. Эшик олдидаги “адёл”ни кўтариб, эшикни ёпишга уринганимда кимдир бошимга муштлаб урди, йиқилиб тушдим.

Ўрнимдан турганимда икки ёшли боламнинг қўлидан ушлаб, боши билан ерга ураётган экан. Беш йил деганда фарзандли бўлгандим.

Боламни урманг, дедим. Хўп, унда сени урамиз, дея яна мени уриб кетди. Мени ураётган одамнинг кўзи ва қоши таниш бўлганидан кимлигини билиш учун юзидаги рўмолини тортдим. Қарасам, ўзимизнинг Панжи тоғамиз экан“, – деди Шалола Жўраева.

Шалола Жўраеванинг мазкур гапларига эътироз билдирган айбланувчи П.Н. эса мазкур қотиллик воқеасига унинг алоқаси йўқлигини, ИИБ ходимлари уни уриб, айбни унинг бўйнига қўйишга ҳаракат қилганини, тергов пайтида унга босим ўтказилиб, қийноққа солинганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарёда 66 ёшли чол ва унинг кампири ваҳшийларча ўлдирилиб, ёқиб юборилгани, воқеа бўйича гумонланувчилар озодликда юргани ҳақида хабар берилганди.