“Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унда аҳолига юқори малакали жарроҳлик ёрдамини кўрсатиш сифатини ошириш, ҳудудларда каминвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини кенг жорий қилиш, хирургия йўналишидаги тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, соҳада илм-фанни ривожлантириш мақсадида хирургия хизматини трансформация қилишнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Унга кўра:

  • Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят, туман (шаҳар) бирламчи бўғин тиббиёт муассасалари ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш;
  • Туман (шаҳар) ва ҳудудлар даражасида каминвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини кенг жорий этиш;
  • Хирургия марказида трансплантация амалиётларини хорижий мутахассислар билан ҳамкорликда кенг жорий этиш;
  • Хирург, анестезиолог, реаниматолог, нефролог ва бошқа мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш, уларни нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларида малака ошириши ва стажировка ўташини ташкил этиш, замонавий симуляцион марказда мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;
  • Хирургия йўналишида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, ходимларнинг илмий салоҳиятини ошириш;

Аҳолига малакали хизматларни кўрсатиш мақсадида Хирургия маркази, унинг филиаллари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари хирургия, анестезиология-реанимация бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш белгиланди.