Бугун Андижон вилояти Шахрихон туман маданият саройида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг Андижон вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Халқ депутатлари вилоят,туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари, талаба ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, Обломуродов шаҳардаги Экопаркда бўлиб, меҳнат фахрийлари ва нуронийлар билан самимий суҳбат қурди. Партия раиси ўз сайловолди дастури билан нуронийларни қисқача таништирди ва ҳамда аҳолининг экологик маданиятини оширишда кексаларнинг ўрни ва ўгитлари беқиёс эканини таъкидлаб ўтди.

Ундан кейин эса, Нарзулло Обломуродов Хўжаобод туманида жойлашган “Samo” текстиль корхонасида бўлди ва ишлаб чиқариш технологик жараёнлари билан танишди. Таъкидлаш лозимки, ушбу корхона замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб,  текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаради ва хорижга экспорт қилади.

Обломуродов корхона ишчи ходимлари билан суҳбатлашиб, уларга ўзининг сайловолди дастури бўйича маълумот берди. Ишчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди.  Ёшларнинг замонавий техникалар билан бемалол ишлашини кўриб юртимиз келажаги ана шундай шижоатли авлодлар қўлида эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилди.

Сўнг “Nil-Granit” масъулияти чекланган жамиятига қарашли сув тозалаш иншоотида олиб борилаётган ишлар билан танишди. Мазкур сув иншооти бир кунда 3500 тонна сувни тозалаш имкониятига эга. Нарзулло Обломуродов сув заҳираларидан унумли фойдаланиш ва уни қайта тозалаш бўйича ўз тавсияларини берди.