Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлардан бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши бўйича бирламчи маълумот берди.

Маълум бўлишича, 3 октябрь куни соат 22:13 да пойтахтнинг Чилонзор туманининг еттинчи кварталида жойлашган 59-уйда, бирламчи маълумотга кўра, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши  содир бўлган.

Воқеа  етти қаватли уйнинг  36-квартирасида содир бўлган. Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 5 та ёнғин-қутқарув экипажи дарҳол воқеа жойига етиб борган.

Мавжуд маълумотларга кўра, айни вақтда, уй аҳолиси жабрланмаган. Қурбонлар йўқ. Вазият оқибатида бир нечта квартираларга қисман зарар етган, дераза ва эшиклар шикастланган.

Айни вақтда  ҳамкорликдаги хизматларнинг мутахассислари ушбу фавқулодда вазиятнинг сабабларини ўрганмоқдалар. 17 нафар уйи шикастланган фуқаролар вақтинчалик меҳмонхонага жойлаштирилди.