3 октябрь куни соат 22:13да пойтахтнинг Чилонзор тумани еттинчи кварталида жойлашган 59-уйда, бирламчи маълумотга кўра, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Бу ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Воқеа  етти қаватли уйнинг  36-квартирасида содир бўлган. Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 5та ёнғин-қутқарув экипажи дарҳол воқеа жойига етиб борган.

Мавжуд маълумотларга кўра, айни вақтда, уй аҳолиси жабрланмаган. Қурбонлар йўқ. Вазият оқибатида бир нечта квартираларга қисман зарар етди, дераза ва эшиклар шикастланган.

Айни вақтда  ҳамкорликдаги хизматларнинг мутахассислари ушбу фавқулодда вазиятнинг сабабларини ўрганмоқдалар. 17 нафар уйи шикастланган фуқаролар вақтинчалик меҳмонхонага жойлаштирилди.