Бугун, 4 октябрь куни соат 18:00 да Алишер Навоий номидаги киносаройда Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Cinerama entertainment студияси билан ҳамкорликда суратга олинган “Абдулла Қодирий” ҳужжатли фильми премьера қилинади.

Кинокартина ўзбек романчилиги асосчиси, етук маърифатпарвар адиб Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 май куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган Адиблар хиёбонига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида яратилган.

Сценарий муаллифлари Фаррух Жабборов, Иқбол Қўшшаева ва Умид Хамдамов, постановкачи режиссёр Умид Ҳамдамов, операторлар Жаҳонгир Ибрагимов, Жаҳонгир Абдураҳмонов, иккинчи режиссёр Шаҳноза Сирожиддинова, продюсер Анвар Мадраимов, постановкачи рассом ва либосчи Анастасия Сущук, гримёр Галина Иванова.

Маълумот учун, “Абдулла Қодирий” ҳужжатли фильми “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали доирасида 6 сентябрдан буён ўтказилаётган фильмларнинг 23 премьераси бўлиб, эртага Чўлпон ҳақидаги ҳужжатли фильм ҳам премьера қилинади.