Кеча хабар бериб ўтганимиздек, автоблогер Бобур Ғаниев Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан 41 модда (ҳакорат қилиш)га асосан 20 баравар, 194 модда бўйича 1 баравар жаримага тортилди ва унга нисбатан 195 модда(оммани ўзига қаратиш)га асосан 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев телеграм каналида мазкур ҳолат бўйича ўз муносабатини билдириб қуйидагиларни ёзиб қолдирди.

“Оммани ўзига қаратгани учун” 15 сутка қамоқ жазоси” – дея кулгили стикер ила сарлавҳа қўйган Кушербаев.

Фуқаро Бобур Ғаниев (блогер) ва бошқа шахсларни ЖИБ Учтепа туман суди судъяси улар “оммани ўзига қаратганлиги учун” 15 сутка қамоқ жазоси тайинлаганини билдирди. Бундай асос билан жазо белгилаш Ўзбекистон қонунчилигида янгилик, менимча.

Кузатишимизча, асослар заиф ва зўрма-зўраки бўлса-да, суд яна тарози палласини бирдек ушлай олмади: тизимга ён босди. Аслида ўз ишига чинакам садоқатли судъялар фуқаронинг айбдорлик даражаси 50/50 бўлганда ҳам фуқаро оқланиши керак, дейишади.

Фуқаро ҳам “оппоқ” эмас, муомиласи қўполлиги кўриниб турибди. Бу асабга тегса ҳам қонунбузарлик эмас, биз бундай жазога лойиқ унинг бирорта  ҳаракатини негадир кўрмадик. Шу ўринда бошқа нарса одамни ўйлантираяпти: оммани ўзига қаратгани учун, деб блогерку 15 суткага қамалди.

Бироқ ҳар куни оммани ўзига қаратаётган бошқаларнинг  аҳволи энди не кечади? Масалан, сайловолди сиёсий партиялар ва номзодлар қанчалаб омма эътиборини ўзларига қаратишаяпти. Бу уларнинг иши аслида.

“Да” буёғи чатоқ!

Кўряпсизми: инсонлар тақдири ва ҳаётига таъсир кўрсатишдек масъулиятли ишга эътиборсиз ёндошиб, ноўрин асослар билан қарор қилиш мана шундай кулгули оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Шу боис, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўзларининг муқаддас вазифаси, деб билган ҳурматли судъя ва бошқалар қонунларимизнинг адолатига ишонган оддий фуқароларга қарши асос келтиришда янада эътиборли, ҳалол ва пок бўладилар, деб умид қиламиз.

Унгача эса оммадан менга эътибор қаратмасликларини сўрайман. Тағин ким билсин…”, – дейди Расул Кушербаев.