Ижтимоий тармоғларида “Тошкентда фуқаролар ва ЙПХ ходимлари ўртасида катта жанжал содир бўлгани айтилмоқда” деган сарлавҳали видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкeнт шаҳар ички ишларбош бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди.

2021 йил 30 сентабр куни тахминан соат 23:00да Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчасида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари хизмат давомида қидирувда бўлган (кўплаб тўланмаган жарималари туфайли қидирувга берилган) Nexia-2 автомобилини (давлат рақами 01 967 MDA) кўриб қолиб унга жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ҳақида ишора беришди. Аммо ҳайдовчи 1997 йилда туғилган қашқадарёлик Темур Ч. (шахси кейинроқ аниқланди) ходимнинг қонуний талабига бўйсинмасдан ҳаракатни давом эттирди.

Ҳолат ҳақида маълумот рация орқали бошқа ходимларга етказилди. Шу билан бирга Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ 4-батальони 2-мобил гуруҳи командири майор Рустам Исмоилов ва ЙПХ инспектори катта сержант Атабек Исмаиловлар Lacetti (давлат рақами 01 783 VSC) хизмат автомобилида қоидабузар ортидан йўлга чиқишди. Ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттиргани сабабли, уни мажбуран тўхтатишга қарор қилинди.

Бунёдкор ва Қатортол кўчалари кесишмасида ходимларнинг сай ҳаракатлари билан Nexia-2 автомобили мажбуран тўхтатилди. ИИО ходими автомобилидан чиқишини кутган Темур Ч. яна ҳаракатни бошлаб майор Р. Исмоиловни уриб юборди ва йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, пиёда ва бошқа транспортлар учун хавф туғдирди. Тез орада Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари қоидабузар ҳайдовчини тўхтатишди ва бошқа оғирроқ йўл транспорт ҳодисасининг олди олинди.

Тўхтатилган автомобилнинг йўловчилари бўлган бир нечта аёллар чиқиб ЙПХ инспекторлари билан жанжал кўтаришди. Ҳайдовчи 24 ёшли Темур Ч. ва унинг йўловчилари – қашқадарёлик 21 ёшли Шаҳзода Ч., 39 ёшли Райҳон М., 44 ёшли Барногул М. ва 45 ёшли Боғдагул М.лар Чилонзор тумани ИИИО ФМБга етказилдилар.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (“Безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилди” – дейилади хабарда.