Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида «Дамас» уриб юборган 10-синф ўқувчиси вафот этди, дея хабар берди пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 2-октабр куни тахминан соат 15:00 да Янгиҳаёт тумани Чинор ва Полвонёр кўчалари кесишмасида Тошкент вилоятилик 2001 йилда туғилган Абдуворис К. ишончнома асосида «Дамас» русумли (давлат рақами 01 894 ЭҲА) автомобилни бошқариш давомида бошқарувни бажара олмасдан йўл четида турган вояга етмаган пиёдаларни уриб юборган ҳамда 1989 йилда туғилган Тимур М. ишончнома асосида бошқарган «Нехиа» (01 О 645 ЛА) автомобилига урилган.

ЙТҲ оқибатида пиёдалар – 10-синф ўқувчилари 2005 йилда туғилган Глеб К., 2005 йилда туғилган Сармат М. ва 2006 йилда туғилган Темур Х.лар бадан шикастлари билан шифохонага етказилдилар. Иккала автомобиль ҳайдовчилар ҳам шифохонага етказилдилар.

Яна бир пиёда – 10-синф ўқувчиси 2004 йилда туғилган Артём Й. ЙТҲ оқибатида етган бадан шикастлари туфайли шифохонага етказиш давомида ҳаётдан кўз юмди. Марҳумнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз.

Мазкур факт асосида Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов олиб борилмоқда.