Тошкент вилоятида фуқаро вафот этган қариндошининг уйидан 2 стволли ов қуролларини топиб олди. ИИББ Ахборот хизмати ҳолат бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 21-сентябр куни Ўрта Чирчиқ тумани “Туябўғиз” МФЙда яшовчи 1976-йилда туғилган, фуқаро С.Ахмедов Тошкент вилояти ИИББга ариза билан мурожаат қилади.

Унда 2012 йилда вафот этган қариндошининг уйини тозалаётган вақтида буюмлар орасидан 1960-йилда ишлаб чиқарилган 2 дона “Тоз-БУМ” русумли, 16 калибрли, 2 стволли ов қуролларини матога ўралган ҳолда топиб олганини ва қуролга тегишли ҳеч қандай ҳужжатларни топилмагани учун ўз ихтиёри билан ИИОга топширишини маълум қилган.

Ушбу қуроллар шу куннинг ўзида туман ИИБ ходимлари томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинади.

Эслатиб ўтамиз,  қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш – БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жаримадан тортиб, то 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишга сабаб бўлади.