Таеквондо WТФ бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларининг олтин медали соҳиби Улуғбек Рашитов мамлакатимиз бўйлаб ёш спортчилар билан учрашиб, уларга мастер-класс ўтишда давом этмоқда. Кеча ўзбекистонлик энг ёш олимпиада чемпиони кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорода бўлди.

Чемпион спортчимиз бухоролик ёш таеквондочилар билан учрашди. Учрашув “Ўзбекистон Pepsi” компанияси ҳомийлигида Бухоро вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Таеквондо WТ ассосициясининг Бухоро вилояти бўлими ташаббуси билан ташкил этилди.

Бухоро туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган ушбу тадбирни интиқиб кутган ёшлар чемпион билан учрашганларидан сўнг ўз қувончларини яшира олишмади.

Тадбирда Бухоро вилояти Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Шахриёров ҳамда кенг спорт жамоатчилиги иштирок этди. Вилоятнинг турли ҳудудларидан 450 нафардан зиёд ёш спортчилар қатнашган тадбирда Олимпиада ўйинлари ғолиби Улуғбек Рашитов таеквондо WТФ сирлари ва жанг техникасини намойиш қилди.

Учрашувдан руҳланган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга чемпиондан жавоб олишди. Шу билан бирга Улуғбек Рашитов олимпиада ўйинлари чоғидаги ҳис-ҳаяжонлари ҳамда бу натижага эришиш учун у қандай меҳнат қилиб, сабр ва ҳаракат билан ушбу марраларни забт этгани хақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.