Cирдарё  вилоятининг Оқолтин  туманида “Инсон қадри учун” шиори остида бўлиб ўтган оммавий тарғибот тадбирида туманда истиқомат қилаётган турли соҳа вакиллари, нуроний ва ёшлар иштирокида  кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.

Президенликка номзоднинг вилоятдаги ишончли вакили Покиза Аҳмеджанова  юртимизда кейинги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси бугун шаҳар ва қишлоқларимизда, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида бўй кўрсатаётгани алоҳида эътироф этди. Айниқса, 2017–2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилиниб, унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармон ва қарорлари қабул қилингани ислоҳотларнинг амалга оширилишида дастуриламал бўлганлигини айтди.

Сирдарё вилоятида, хусусан Оқолтин туманида аҳолининг муҳим эҳтиёжларидан бири бўлган янги уй-жойлар барпо этиш масаласига эътибор қаратди. Бешқаватли замонавий уйлар ва улардаги шарт-шароитлар ҳарқандай янги оилаларнинг орзуси. Шунга ҳамоҳанг мактабгача таълим ташкилотларнинг давлат шерикчилиги асосида ишга тушираётган боғчалар болакайларнинг тўла қамраб олинишига яхши асос бўлаяпти. Яратилаётган иш ўринлари бевосита тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг саъй-ҳаракати билан бўлаётгани сир эмас. Бир тадбиркор ўнлаб иш ўрни яратиб, оилалар фаровонлигини ошириб, элнинг равнақига ҳисса қўшаяпти.

Ислоҳотлар натижасида давлат ва жамият бошқарувида очиқлик ва адолатга асосланган, одамлар манфаатига хизмат қиладиган халқпарвар қарорлар қабул қилиш тизими шакллантирилди. Кўп йиллар давомида амал қилиб келинаётган “давлат – жамият – инсон” тамойили  ўзгарди. Мамлакатимизда аввало, инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя изчиллик билан қарор топиб бораётганлиги кун сайин ойдинлашмоқда.

П.Ахмеджанова Шавкат Мирзиёевнинг кейинги беш йилга мўлжалланган сайловолди дастурининг муҳим жиҳатлари ҳақида ҳам йиғилганларга маълумот берди.

Тадбирда сўзга чиққан туман Кенгаши депутатлари Валижон Усмонов, Қимматхон Бердиёрова, туман имом хатиби Мансурхожи Исмоилов, ёшлар номидан фикр билдирган Мастура Раҳмоновалар қўлга киритилаётган бу ўзгаришлар бевосита Президентимиз – Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ эканлигини  барча бир овоздан эътироф этишди.

Тадбир ишончли вакил билан нуронийлар ва ёшларнинг жонли  мулоқотларига уланиб кетди.