Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 сентябрдан 3 октябрь кунига қадар мамлакатимиз бўйлаб “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан ташкил этилаётган мазкур халқаро кинофестивали “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ва “Фестиваллар фестивали” форматида ўтмоқда.

Кинофестиваль давомида 13 та давлатнинг кино кунлари ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, Фарғонада 2 октябрь куни Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги қошидаги Маънавият ва маърифат марказида “Тожикистон кино кунлари”, Ислом Каримов номидаги вилоят Театр ва концерт саройида “Қозоғистон кино кунлари” ташкил этилди. Бу ҳақда Effect.uz журналисти Ҳамиджон Аҳмедов хабар бермоқда.

Дастлаб “Тожикистон кино кунлари”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Хуршиджон Аҳмедов, “Тожикфильм” бош директори Маҳмадсаид Шоҳиён раҳбарлигидаги Тожикистон делегацияси аъзолари, санъат намоёндалари ҳамда вилоятдаги кино ихлосмандлари иштирок этишди.

Сўз олганлар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари билан барча соҳаларда бўлгани каби кинематография йўналишида ҳам ҳамкорлик муносабатлари кун сайин янги босқичга чиқаётганини таъкидлашди.

Шундан сўнг делегация таркибида вилоятимизга келган тожикистонлик санъаткорлар, кино усталари бирма бир таништирилди.

Улар фарғонача меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирдилар. Меҳмонларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Айни пайтда тожикистонлик ижодкорлар томонидан яратилган, Муҳаббат Саттори режиссёрлигида тасвирга олинган “Ҳаёт рақси” (“Рақси зиндаги”) номли фильм иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Шу куни Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят Театр ва концерт саройида “Қозоғистон кино кунлари” ҳам тантанали тарзда бошланди. Унда Қозоғистон Республикаси халқ артисти Нуржуман Ихтымбаев бошчилигидаги қозоқ кино усталари билан бир қаторда Республикамиздаги таниқли актёр ва актрисалар ҳам қатнашдилар.

Ўзбекистон давлат филармонияси Фарғона вилоят бўлими ёш ижрочилари томонидан тайёрланган кичик концерт дастуридан сўнг қозоғистонлик ва ўзбекистонлик кино санъати усталарини таништирув маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, йиғилганлар эътиборига қозоқ киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Оралман” номли фильм (режиссёр Сабит Курманбеков, сценарий муаллифи Нурлан Санжар) намойиш этилди.

Куннинг иккинчи ярмида Тожикистон ҳамда Қозоғистондан келган меҳмонлар, кино санъати усталари вилоятимизнинг Марғилон шаҳри ва Риштон туманидаги диққатга сазовор жойларида бўлдилар.