Ижтимоий тармоқларда “Фарғона вилояти Сўх туманида участка нозири олма ўғирлади” деган сарлавҳа остида хабар тарқалди. Effect.uz журналистлари Аҳмедов Ҳамиджон ва Раҳмонов Беҳзодбек вилоят ИИБ билан ҳамкорликда ҳолатни ўрганиб чиқишди.

Маълум бўлишича, Сўх туманида истиқомат қилувчи фуқаро ўз боғидан олма меваларини териб, автомашинага юклаётган пайт ҳудуд профилактика инспектори ушбу фуқарога ёрдам бериб, қопдаги олмаларни ташишда кўмаклашган.

Лекин айрим телеграм фойдаланувчилари ва блогерлар мазкур ҳолатни асл моҳиятини ўрганмасдан нотўғри талқин этиб, юқоридаги каби мазмунда ёлғон, асосланмаган, ИИБ органлари обрўсига путур етказувчи мазмундаги хабарларни тарқатишган.

Сўх тумани ИИБ бошлиғининг ММИБ ўринбосари Майор Шодиев Рашиджон Муйдинович ҳолат бўйича қуйидагиларни билдириб, фуқароларни огоҳлантиришга чақиради.

Ҳурматли мустақил журналист ва фаол фуқаролар, шуни маълум қилиб қоламанки интенетда тарқалаётган маълумотларни ўрганиб, таҳлил қилишингизни, тўғрилигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ўз саҳифаларингизда ёритишингизни, сиз тарқатаётган маълумотлар ходимларнинг ишчанлик фаолиятига путур етказмаслигига унга нисбатан фуқаролар ишончини суистеъмол қилмаслик, фуқароларни ходимларга нисбатан нафратини уйғотмаслик учун маълумотларни тўғрилигини ўрганишингиз сўралади.

Шуни эсдан чиқармаслигингизни сўраб қоламиз:

Ёлғон маълумот бериш Ўзбекистон республикаси қонунларида қатъий жазо белгиланганлигини маълум қилиб қоламан”.

“Ҳамюртларимиздан интернетда  тарқатилаётган шу каби хабарларга расмий муносабат билдирилмасдан олдин турли ноўрин хулосаларга бормасликларини сўраб қоламиз” – дея қўшимча қилмоқда Фарғона вилоят ИИБ.