Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари хавфли ҳужумга учраган такси ҳайдовчисининг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 1 октябрь куни соат 16:50 лар атрофида Мудофаа вазирлигининг Чорбоғ қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун кетаётиб, Тошкент—Сижжак йўналишидаги автомобиль йўлининг ёқасида икки нафар фуқаро ўзаро жанжаллашаётганига гувоҳ бўлган.

Ҳарбий хизматчилар зудлик билан машинани тўхтатиб, уларга яқинлашганида фуқаролардан бири жароҳатланган, иккинчисининг қўлида ўткир тиғли пичоқ борлигини кўрган. Улар ҳар иккала фуқарони бир-биридан узоқлаштириб қўлга олган ва жароҳатланган фуқарони Чорбоғ тез тиббий ёрдам бўлимига, иккинчисини эса ички ишлар бўлимига олиб борган.

Дастлабки сўров натижасида олинган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида туғилган 26 ёшли С.М. 32 ёшли А.П. билан ўзини Чорбоғ қўрғонида жойлашган «Бочка» номли ошхонага олиб бориб қўйиши учун 200 минг сўм пул эвазига келишган.

Манзилга яқин келганда фуқаро С.М. Тошкент—Сижжак йўлининг хилват жойида машинани тўхтатишни ва шу ерга яна бир ҳамроҳи келишилган пулни олиб келиб беришини айтган. Бироз вақт ўтгач, ўзаро суҳбатлашиш жараёнида машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган С.М. фуқаро А.П.га тўсатдан пичоқ билан ҳужум қилиб, гавдасининг орқа қисми ва бел соҳасига тан жароҳати етказган. Ҳайдовчи ўзини ҳимоя қилиш мақсадида машинадан тушиб қочаётган вақтида ҳарбий хизматчилар келиб қолган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан ички ишлар бўлими ходимлари томонидан дастлабки суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.