Томошабинларнинг хоҳиш ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Кинематография агентлиги Umovie платформаси – ўзбек ва рус тилларида фаолият олиб борувчи юқори сифатли фильмлар ва сериаллар намойиш этиладиган онлайн кинотеатр ишга туширди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Платформа дунёнинг исталган нуқтасида ва исталган қурилмада ишлайди. У ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқарилган севимли фильмлардан замонавий кинокартиналаргача томоша қилиш имконини беради. Барча фильмлар ва мультфильмлар тоифаларга ажратилган.

Сиз “Танланган” бўлимига ўзингиз ёқтирган фильмни қўшишингиз ва хоҳлаган вақтда томоша қилишингиз мумкин.

Ҳозирги вақтда 100 дан ортиқ фильм ва мультфильмлар WEB иловадан ўрин олган. Киноленталар базаси мунтазам равишда янгиланади. IOS ва Android операцион тизимлари учун Umovie иловасини яратиш режалаштирилган.

Платформа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ яратилган.

Ушбу платформанинг яратилиши – бугунги давр талаби. Лойиҳани миллий кинематографияни ривожлантириш ва тарғиб қилиш йўлидаги яна бир муҳим қадам сифтатида баҳолаш мумкин“, – деб изоҳ берди Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов

Платформанинг тақдимоти давлат раҳбари ташаббуси билан ўтказилаётган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтди.