“Толибон” ҳаракати томонидан Афғонистон муваққат ҳукуматида Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган Мавлавий Амир Хон Моттакий шанба куни Кобулда Ўзбекистон элчиси Ёдгорхўжа Шодмоновни қабул қилди.

Бу ҳақда ТАСС нашри Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Абдул Каҳар Балхийнинг Twitter’даги постига таяниб хабар бермоқда.

“Томонлар икки томонлама алоқаларни, хусусан, Мозори-Шариф шаҳридаги аэропортни реконструкция қилиш ва рейсларни қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилишди”,- дейилади хабарда.

Шунингдек, Моттаки Ўзбекистоннинг Афғонистондаги дипломатик миссияси раҳбарига миннатдорчилик билдиргани ва Тошкент ва Кобул ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга чақирган.

Қайд этиш лозим, 2021 йил 27-сентябрь куни Термиз шаҳрида Сурхондарё ва Балх вилоятлари ҳокимлари бошчилигида Ўзбекистон ва Афғонистон чегараолди ҳудудлари бошқарув идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбир афғон томонининг илтимосига биноан Афғонистонга импорт молларини транзит ташуви билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш мақсадида ташкил этилган.

Мулоқот даставвал энг зарур халқ истеъмол товарлари – озиқ-овқатлар, дори-дармон, тиббий анжомлар, кийим-кечак ва ёқилғи хусусида борди.

Учрашувда муҳокама этилган масалалар, жумладан Афғонистонда юзага келган оғир гуманитар вазият даврида мамлакатга юкларни етказиб бериш ва транзит ўтказишда мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

Йиғилиш сўнггида томонлар энг долзарб чегараолди масалалари юзасидан ишчи алоқаларини давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.