“Шериф” клубининг украиналик бош мураббийи Юрий Вернидуб ойига 20 минг евродан кам маош олиши маълум бўлди. Бу ҳақда Молдованинг “Газета.ru” нашри хабар берди.

“Шериф” футболчиларининг ўртача ойлик маоши 6 минг евродан ошмайди. Клубнинг етакчи футболчилари ойига тахминан 15 минг евро олади.

Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувида “Шериф” “Реал”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди.

Учрашувининг 25-дақиқасида меҳмонларнинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Жасур Яхшибоев Испания жамоаси дарвозасини ишғол қилган. 65-дақиқада француз ҳужумчиси Карим Бензема пенальтидан гол уриб ҳисобни тенглаштирганди. 90+1-дақиқада Себастьен Тилль Молдова жамоасига ғалаба келтирган.

Юрий Вернидуб бошчилигидаги жамоанинг ҳисобида иккита ғалабадан сўнг олти очко бор. Испан клуби уч очко билан иккинчи, Миланнинг “Интер” ва Донецкнинг “Шахтёр” клублари биттадан очко жамғарган.

Аввалроқ “Шериф” мураббийи Россия ва Украина футболини солиштирганди. Шунингдек, мутахассис қайси клуб ўйинларини доимий кузатиб боришини айтганди.