Қашқадарё вилояти Фавқулотта вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати Қарши шаҳар “Кат” МФЙда содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берди.

Жорий йилнинг 1 октябрь куни соат 09:10да Қашқадарё вилояти Қарши шаҳар “Кат” МФЙ Насаф кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган.

Мазкур хабарга кўра 5та ёнғин-қутқарув экипажи соат 09:13да воқеа жойига етиб бориб, соат 09:16да ёнғин қуршаб олинган ва соат 09:26да ўчирилган.

Ёнғин натижасида ишлаб чиқариш цехининг тахминан 200 кв.м. майдони ичидаги маҳсулотлари ёниб зарарланган, ёнғин-қутқарувчилар томонидан 800 кв.м майдон асраб қолинган.

Содир бўлган ёнғиндан 3 нафар фуқаро қутқарилиб, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун РШТЁИМ вилоят филиалига юборилган. Бироқ, ҳодиса оқибатида ушбу фуқаролар вафот этишган. Ҳозирда ёнғиннинг  келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда” – дейилади хабарда.