Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг Наманган вилоятида амалга оширилиши юзасидан мониторинг ва назоратни олиб бориш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш, вилоятда коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаш ташкил этилди.

Таъсис йиғилиши жорий йилнинг 24 сентябрь куни бўлиб ўтди. Унда Коррупцияга қарши курашиш Миллий Кенгаши аъзолари, депутатлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда ОАВ вакилларига Ҳудудий кенгаш аъзолари таркиби таништирилди.

Тадбирда иштирок этган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти томонидан Наманган вилоятидаги коррупциявий ҳолатлар ҳамда уларни баратараф этишда Ҳудудий кенгашнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари тўғрисида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, коррупция иллати республика миқёсида амалга оширилаётган ислоҳотларга соя солаётгани ва халқнинг давлат идораларига нисбатан ишончига путур етказаётгани, ташкил этилаётган ҳудудий Кенгаш олдида эса бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўлами кенг эканлиги қайд этилди.

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, маҳаллий давлат ҳокимият  органлари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган стратегия ва давлат дастурлари ижросини ўрганиш, жойларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш кабилар ҳудудий Кенгашнинг асосий фаолият йўналишлари эканлиги маълум қилинди.

Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши аъзолари ҳам сўзга чиқиб, белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.