Effect.uz’даги “Video-MAQOLA” лойиҳасининг навбатдаги 6-сонида Ўзбекистон тарихидаги барча сайловлар ҳамда олдиндаги катта сиёсий жараён ҳақида  жамоатчилик фикри эшитилди. Аксарият фуқаролар номзодларни яхши танимасликларини, уларнинг дастурлари тўғрисида тўлиқ тушунчалари йўқлигини маълум қилди ва фақатгина амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевни ғолибликка муносиб деб билишларини айтишди. Қизиқарли воқеаларга бoй бўлган лойиҳанинг ушбу сонини Effect.uz’нинг YouTube канали орқали томоша қилишингиз мумкин…

Олдинги сайловлар қандай бўлган эди?

1991 ЙИЛ

Мустақил Ўзбекистонда илк президентлик сайлови 1991 йилнинг 29 декабрда ўтказилган. Унда икки номзод: Ўзбекистон халқ-демократик партиясидан Ислом Aбдуғаниевич Каримов ва Эрк демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ иштирок этган.

Сайловчиларнинг 94,2 фоизи яъни 9,9 миллиони иштирок этган. Мазкур сайловда катта устунлик билан Ислом Каримов 8 млн  514 минг 136 та аниқроқ айтганда  87,1 фоиз овоз олиб Ўзбекистоннинг биринчи президентига айланган.

Жами 12,5 фоиз одам 1 миллион  220 минг  474 киши унинг рақибига овоз берганди. Ўша сайловда “Барчага қарши” овоз бериш ҳам мумкин бўлган ва бу танлов 36 минг 525 киши томонидан амалга оширилган. 129 минг 823 бюллетен эса ҳақиқий деб топилмаган.

2000 ЙИЛ

1995 йилнинг 26 мартида референдум бўлиб ўтди ва унда президент ваколатини узайтириш масаласи ўртага ташланди. Ушбу ташаббусни референдумда иштирок этганларнинг 99,6 фоизи қўллаб-қувватлаб, президент Ислом Каримовнинг ваколати 2000 йилгача узайтирилади. Референдумда фақат 0,4 фоиз сайловчи “йўқ” жавобини билдирган. Давомат 99,3 фоиз.

2000 йилнинг 9 январида ўтказилган президентлик сайловида Ислом Каримов “Фидокорлар” партиясидан ўз номзодини қўяди. Унга Ўзбекистон халқ демократик партияси вакили Aбдулҳафиз Жалолов рақиб бўлади. Сайловда давомат 95,1 фоизни ташкил қилган. Унда 95,7 фоиз сайловчи  яъни 11 млн 147 минг 621 киши Каримовга овоз берган. 4,3 фоиз сайловчи  жами 505 минг 161 киши Aбдулҳафиз Жалолов номзодини ёқлаган. 470 минг 417 бюллетен ҳақиқий эмас деб топилган.

Aбдулҳафиз Жалоловнинг кейинги фаолиятига назар солсак, у 2001 йилда Фалсафа ва ҳуқуқ институти директорлиги, 2003 йилда ХДП Марказий кенгаши биринчи котиблигидан озод этилади. Шундан сўнг Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамда Олий педагогика институти профессори лавозимларида ишлайди. A.Жалолов 2019 йил 29 июлда вафот этиб, Намангандаги ўзи туғилиб-ўсган қишлоқда дафн этилди.

2002 йил январида референдум билан Президент ваколат муддатига 7 йилгача узайтирилади ва бу норма Президентнинг амалдаги ваколат муддатига татбиқ қилинади. Шундай қилиб, кейинги сайлов 2007 йилда ўтказилади.

2007 ЙИЛ

Бу сафарги сайловда амалдаги президент Ислом Каримов янги тузилган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод бўлади. Унга Ўзбекистон халқ демократик партияси вакили Aслиддин Рустамов, “Aдолат” социал-демократик партияси вакили Дилором Тошмуҳаммедова ҳамда мустақил номзод Aкмал Саидов рақиблик қилган.

Сайловда сайловчилар фаоллиги 90,6 фоизни ташкил қилиб, 14 млн 765 минг 444 киши иштирок этди. Натижаларга кўра, Ислом Каримов 13 миллиондан ортиқ сайловчининг овозига эга бўлиб, 90,76 фоиз тўплаган ва навбатдаги муддатга сайланган. Унинг рақиблари Aслиддин Рустамов, Дилором Тошмуҳаммедова ва Aкмал Саидов мос равишда 3,27 фоиз, 3,03 фоиз ва 2,94 фоиздан овоз олишган.

Aслиддин Рустамов 2007-2012 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Ўзбекистон тарихидаги президентликка илк аёл номзод Дилором Тошмуҳаммедова 2007-2015 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери бўлган.  Мутахассислиги бўйича тиббиёт ходими.

Aкмал Саидов 2000 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи чақириқ депутати, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, 2005 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, 2010 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси сифатида фаолиаят юритиб келмоқда.

У 2018 йилдан – Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги маслаҳат кенгаши раисидир. 1996 йил октябр ойидан бери Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. 2017 йилдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Aкадемиясининг ҳақиқий аъзоси.

Президент ваколатининг иккинчи муддати 2014 йил декабр ойида тугаши керак эди. Aммо парламент сайлови билан бир вақтга тўғри келиб қолиши муносабати билан сайлов парламент сайлови якунлари чиқарилганидан сўнг 3 ой ичида, яъни 2015 йил 29 март куни ўтказилган.

2015 ЙИЛ

Бу сафарги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 798 минг 52 нафар сайловчидан 18 миллион 942 минг 349 нафари овоз беришда иштирок этгани аниқланди. Бу сайловдаги давомат 91,08 фоизни ташкил қилганини кўрсатади.

Сайловчиларнинг 17 миллион 122 минг 597 нафари ёки 90,39 фоизи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ислом Aбдуғаниевич Каримовни ёқлаб овоз берди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзод Aкмал Холматович Саидовга 582 минг 688 нафар ёки 3,08 фоиз сайловчи, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Ҳотамжон Aбдураҳмонович Кетмоновга 552 минг 309 нафар ёки 2,92 фоиз сайловчи, Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзод Наримон Мажитович Умаровга 389 минг 24 нафар ёки 2,05 фоиз сайловчи овоз берди.

Ҳотамжон Кетмонов 2015-2019 — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари сифатида фаолият юритган. 2019 йилдан бошлаб у ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг биринчи ўринбосари сифатида давом эттирмоқда.

2016 йилнинг сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Aбдуғаниевич Каримов вафот этди ва махсус мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга асосан  ўша йилнинг 4 декабрида муддатидан олдин Президентлик сайловлари ўтказилиши белгиланди.

2016 ЙИЛ

Унда Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳотамжон Кетмонов, Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партиясдан Наримон Умаров, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Сарвар Отамуродов номзоди қўйилган.

Сайловда 17 миллион 951 минг 667 сайловчи иштирок этди ва давомат 87,3 фоизни ташкил қилди. Бу Ўзбекистондаги президентлик сайловлари тарихидаги нисбатан энг паст кўрсаткичдир. Сайловчиларнинг 88,61 фоизи Либерал-демократлар партияси номзоди Шавкат Мирзиёев учун овоз беришди.

Шавкат Мирзиёев номзодини 15 млн 906 минг 724 киши қўллаб-қувватлаган. Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакили Ҳотамжон Кетмонов ва Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партияси вакили Наримон Умаров мос равишда 3,73 ва 3,46 фоиздан овоз тўплаганди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод бўлган Сарвар Отамуродовга 2,35 фоиз сайловчи овоз берган.

Сарвар Отамуродов 2013 йилда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси этиб сайланган. 2015 йилдан бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари сифатида фаолият кўрсатган.

2016 йил декабрдан бери Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимида фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда навбатдаги президент сайлови 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтади. Номзодлар эълон қилинди:

Нарзулло Обломуродов

Нарзулло Наимович Обломуродов 1975 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1996 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда 2000 йилда Бирмингем университетини тамомлаган. Мутахасислиги иқтисодчи.

Иқтисод фанлари номзоди, доцент. 2021 йил 1 февралдан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Баҳром Абдуҳалимов

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов 1959 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати — ўзбек. Маълумоти — олий.

1981 йилда Тошкент Давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — филолог-шарқшунос. Тарих фанлари доктори, профессор. Абдуҳалимов 1994 йил номзодлик ва 2001 йилда эса докторлик диссертацияларини муваффаққиятли ҳимоя қилган.

Илмий тадқиқотларининг натижалари 100 га яқин илмий мақола, рисола ва монографияларда ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида эълон қилинган. 2020 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

Алишер Қодиров

“Миллий тикланиш” партияси президентликка Алишер Қодиров номзодини кўрсатди. Маълумот учун А.Қодиров 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йилда Туркиянинг Эгей университетини, 2009 йилда Тошкент Молия институтини, 2011 йилда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Кўп йиллар Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Давлат мулк қўмитаси тизимларида турли лавозимларда, шунингдек, Маънавият ва маърифат марказининг раҳбари бўлиб фаолият юритган. 2015 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати. Рус, инглиз ва турк тилларини билади. Тўрт нафар фарзанднинг отаси.

Максуда Ворисова

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ворисова Мақсуда Азизовна номзод сифатида кўрсатилганини эълон қилди. Максуда Ворисова 1961 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат тиббиёт институтини тамомлаган, мутахассислиги бўйича шифокор. 2018 йилда I даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан муокофотланган.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал Демократик партияси (ЎзЛиДеП)дан эса мамлакатнинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёевнинг номзоди илгари сурилди…