2021 йил 30 сентябрь куни Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 123-умумий ўрта таълим мактабининг педагог-ўқитувчилари билан учрашди.

Учрашув 1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан  устозларни табриклашдан бошланди.

Номзод йиғилганларни ўзининг сайловолди дастурида кўрсатилган долзарб йўналишлар билан қисқача таништириб, қуйидагиларни таъкидлади:

Экология – инсоният учун ҳаёт-мамот масаласига айланди. Шундай экан таълим даргоҳидан бошлаб экологик маданиятни ёш авлод онгига сингдириш муҳим аҳамият касб этади. Бу ишни амалга оширишда таълим соҳасидаги педагог ходимларнинг ўрни катта десак хато бўлмайди”.

Н.Обломуродовнинг сайловолди дастурида ҳам таълимга кенг ўрин ажратилган бўлиб, мактабгача таълим қамровини 100 фоизга, олий таълим билан қамров даражасини 40 фоизга етказиш, узлуксиз таълим сифатини мустақил баҳолаш тизимини шакллантириш ва қўшимча педагогик таълим хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш каби йўналишлар белгилаб қўйилган.

Номзод ўқитувчилар ва устозлар доимий эътиборда бўлишга лойиқ эканлигини таъкидлаб, улар фақатгина байрамларда эмас, ҳар доим ҳурмат ва эътиборга лойиқ эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, учрашув давомида ўқитувчилар билан мактаб ҳудудидаги дарахтларни сақлаш ва кўпайтириш, суғориш-ирригация тизимини яхшилаш ва ёшларда атроф муҳитга бўлган муносабатни янада яхшилаш юзасидан фикр алмашилди.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб, Н.Обломуродов юртимизда фаолият олиб бораётган барча ўқитувчи ва мураббийларни ушбу қутлуғ сана самимий табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, машаққатли ва шарафли меҳнат фаолиятида зафарлар тилаб қолди.