Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.

Қонун фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда айрим тоифадаги маъмурий ҳуқуқбузарликларга нисбатан қўлланиладиган жарима миқдорларини кўриб чиқишга қаратилган.

Ҳужжат билан профилактика (катта) инспекторлари фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кучайтириш, уларга бириктирилган ҳудудда жиноятлар сонини камайтириш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш чора-тадбирларини амалга ошириши учун ваколатлари кенгайтирилмоқда.

Ҳужжат “Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ярашув институти”ни жорий этиш орқали маъмурий иш иштирокчиларининг ярашилганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш бўйича янги нормалар билан тўлдирилмоқда.

Бундан ташқари, божхона қонунчилигини бузиш билан боғлиқ бўлган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни Давлат божхона қўмитасида мавжуд автоматлаштирилган ахборот тизимлари ёрдамида қайд қилиш, инсон омилини камайтириш ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини соддалаштирилган ҳолда кўриб чиқиш тартиби жорий этилиб, улар билан боғлиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2та модда билан тўлдирилмоқда ҳамда унинг 9та моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати альтернатив орган сифатида профилактика (катта) инспекторларига берилиши натижасида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдан узоқ масофада жойлашган бошқа ваколатли органлар ёки судларга боришини истисно этган ҳолда фуқароларнинг ортиқча харажат қилиши ва сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун тез таъсирчан чоралар кўрилиши натижасида фуқароларга қўшимча оворагарчилик ва ноқулайликлар туғилиши ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ортиқча қоғозбозликка чек қўйиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, фуқароларга қонунга ҳурмат ва қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик муносабатини сингдиришга эришилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.