Бугун, 1 октябрь куни Кинематография агентлигида   С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институти(ВГИК)нинг Тошкент филиали очилиши бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов,  Россия Федерацияси Маданият вазири ўринбосари Ольга Ярилова, ВГИК ректори Владирмир Малышев ва бошқа киномутахассислар иштирок этишди.

Агентлик Бош директори очилиш маросимида Бутунроссия давлат кинематография институти Тошкент филиали очилиши ҳақида фикр билдириб ўтди.

2021 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Тошкент шаҳрида “С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия Давлат кинематография институти” федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Айтиш жоизки, бу қарорнинг имзоланиши мамлакатимиз олий таълим тизими ва кинематография ривожида муҳим тарихий воқеа бўлди”, – дейилади хабарда.

Филиалда талабалар “драматургия” ва “кинопродюсерлик” йўналишлари бўйича таълим олишади. Кинематография агентлиги ҳудудида ВГИК филиали учун алоҳида бино ажратилган бўлиб, келажакда филиал фаолиятини янада кенгайтириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ВГИК билан ҳамкорликни ривожлантириш ташаббуси сабаб Кинематография агентлиги ва ушбу институт ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.  2020 йилда еттита ўзбекистонлик ёшлар ВГИКга ўқишга кирган бўлса, жорий йилда талабалар сони ўн бештага етди.

Очилиш маросими Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қайта тикланган ва Кинематография агентлиги томонидан ўтказилаётган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтди.