Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Термиз шаҳрида ҳам байрам тантанаси ташкил этилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси маълум қилди.

Байрам тадбирига жорий йил 29 сентябрдаги президент фармонига кўра, фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланган сурхондарёлик соҳа ходимлари, вилоятнинг барча ҳудудларидан илғор ўқитувчи ва мураббйлар, ижодий-маърифий танловларда муваффақиятли иштирок этган педагоглар, фахрий устозлар таклиф этилди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими Тўра Боболов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган барча педагог ходимлар умумхалқ байрами билан табрикланиб, эзгу тилаклар изҳор этилган.

Мамлакатимиз таълим соҳасида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини ёш авлод тарбиясига бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати, жасорати ҳар қандай юксак баҳоларга муносиб эканлиги эътироф этилган.

Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ давлатнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида сурхондарёлик 13 нафар мазкур соҳа ходимлари ҳам бор.

Тадбирда шу юксак давлат мукофотлари президент номидан ўз эгаларига тантанали топширилди. Соҳа ривожи учун камарбаста бўлган ходимлардан яна бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг байрам тадбири тўкин дастурхон атрофида давом этди. Илму маърифат чароғбонлари – ўқитувчи ва мураббийларга билдирилган самимий тилаклару табриклар қўшиқ ва рақслар гулдастасига уланиб кетди. Санъат усталари ва истеъдодли ёш ижрочилар иштирокидаги концерт намойиши байрам тароватига ўзгача кайфият, қувонч бағишлади” – дейилади хабарда.