Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ўзининг 2021 йил 29 сентябрь кунги фармойишида ўндан ортиқ ҳоким ўринбосарларини огоҳлантирди ва айримларига “хайфсан” интизомий жазосини қўллади. Вилоят ҳокимининг тегишли фармойиши “E-Qaror”га жойлаштирилган.

Маълум бўлишича, Ҳисоб палатаси ишчи гуруҳининг 2021 йил 24 сентябрдаги “Сирдарё вилоятида 2021 йил 6 ой якунида иқтисодий кўрсаткичлар ижроси ҳамда 9 ой ва йил якунлари прогнози ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ўрганиш натижалари ва қилиниши лозим бўлган вазифалар тўғрисида”ги 9-1-116-сонли йиғилиш баёнига асосан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддаси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 25-моддаларига мувофиқ:

1.Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосарлари А.Каримов, А.Хожиматов, Д.Мадиримов, А.Эргашев, О.Носиров, маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Тошматов, Ширин шаҳар ҳокимининг ўринбосари – инвестисия ва ташқи савдо бўлими бошлиғи И.Махмудовлар огоҳлантирилди.

Сайхунобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Узаков, Боёвут тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Кушаков, Сардоба тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эргашев, Гулистон шаҳар ҳокимининг ўринбосари – инвестисия ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Қ.Додоев, Боёвут тумани ҳокимининг ўринбосари – инвестисия ва ташқи савдо бўлими бошлиғи М.Хомиджонов, Сардоба тумани ҳокимининг ўринбосари – инвестисия ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Б.Акбаровларга “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.

Мирзаобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари И.Холкузиев, Янгиер шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари И.Нурматовларга интизомий жазо қўлланилиб, ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима белгиланди.