Мамлакатда қонуний бўлиб турган мигрантлар “хотиржам ишлашлари мумкин”, дея таъкидланди Россия ички ишлар вазирлигида. Бу ҳақида “Спутник” хабар берди.

Россияда мигрантларнинг мамлакатдаги ҳолатини қонунийлаштириш учун берилган мухлат тугамоқда. Чет элликлар берилган муҳлатда қонуний ҳолатларини расмийлаштирмаса, уларга депортация ёки бошқа маъмурий чоралар қўлланилади.

30 сентябрдан сўнг ноқонуний бўлиб турган фуқароларга нисбатан Федерал қонуннинг 115 нормаси қўлланади, унга кўра, ички ишлар ходимлари РФ ҳудудидан чиқариб юборишгача бўлган маъмурий ҳаракатларни қўллашлари мумкин”, – дейди Россия Ички ишлар вазирлиги миграция масалалари бўйича бош бошқарма бошлиғи Валентина Казакова.

Бош бошқарма бошлиғи, махсус рейдлар ўтказиладими, деган саволга полиция ҳар куни текширув, шу жумладан нолегалларни аниқлашга қаратилган тадбирларни ўтказиши ҳақида жавоб берди. Казакованинг айтишича, Россия ҳудудида 30 сентябргача қонуний бўлиб турган фуқаролар учун ҳеч нарса ўзгармайди.

Бош бошқарма бошлиғи легал мигрантлар “хотиржам ишлашлари мумкинлиги” ва ҳеч нарсадан хавотир олмасликларини таъкидлаган.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги Россияда нолегаллар сони камайганини эълон қилганди. Қайд этилишича, Россияда ноқонуний бўлиб турган 1 миллион чет эл фуқаролари ўз мақомларини қонунийлаштирган.