Таниқли режиссёр Тимур Бекмамбетов паралимпиада ўйинларида иштирок этган ўзбек қизи ҳақида фильм суратга олди

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта тикланган ва Кинематография агентлиги томонидан ўтказилаётган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида бугун режиссёр ва продюсер Тимур Бекмамбетов билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Тимур Бекмамбетов ўзи яратган маданият соҳасини ривожлантиришга қаратилган жамғарма ҳақида маълумотлар берди. Мазкур фонднинг фаолияти ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Учрашувда режиссёр фонд кўмаги билан ишланган, Токиода ўтказилган паралимпиада ўйинлари иштирокчиси Асила Мирзаёрова ҳақидаги қисқа метражли анимацион фильмни намойиш қилди.

Шунингдек, учрашувда Тимур Бекмамбетов фонди ҳомийлигида ишланган режиссёр Леван Габриадзенинг “Онажон, биласизми, мен қаердаман?” фильми, Жанна Бекмамбетованинг “Чик-чирик” мультфильми намойиш этилди.