Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вице-президенти Шиксин Чен бошчилигидаги делегация Олтиариқ туманидаги “Холмуродов Имарали” фермер хўжалигида бўлишди. Бу ҳақида Олтиариқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Туман ҳокими Холмирза Ниёзов ҳудуд бренди бўлган узумлар ҳамда анор маҳсулотлари билан меҳмонларни сийлади. Шу ерда делегация ташрифидан кўзланган бош мақсад Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари эвазига амалга оширилган наслли қорамоллар етиштириш лойиҳаси билан ҳам танишилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 ноябрда “Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, 2 фоиз ставкада, шу жумладан, 5 йил имтиёзли даврга 25 йилда қоплаш муддати билан қиймати 150,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги қарз битими имзоланган.

Умумий қиймати 237,45 млн. АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган лойиҳанинг бир қисми айнан Олтиариқ туманида амалга оширилмоқда. “Холмуродов Имарали” фермер хўжалигида амалга оширилган лойиҳанинг умумий қиймати 254 минг долларга тенг бўлиб, унинг 174 минг долларлик қисми Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобланади.

Ҳозирда Германиядан 64 бош Симментал зотли бўғоз сигирлар олиб келиниб, парвариш қилинмоқда. 8 та янги иш ўринлари яратилган.

Делегация аъзоларига амалга оширилган босқичлар ҳақида маълумот берилди. Улар бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Келажакда Фарғонада нафақат қишлоқ хўжалиги, чорвачилик бўйича балки тадбиркорликнинг бошқа йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилиш ниятида эканликларини таъкидлашди.