Ўзбекистонда 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа – президентлик сайлови арафасида юртимизга халқаро кузатувчиларнинг ташрифи давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловида иштирок этиш учун аккредитациядан ўтган хорижий ва халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг  сони ҳозирда 159 нафарни ташкил этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларнинг сайловларга тайёргарлик кўриши  ва уни ўтказиш жараёнида ўз фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Мулоқот давомида делегация вакиллари ЎзЛиДеП тарихи ва ғоялари, партия номзоди Шавкат Мирзиёевнинг Сайловолди дастури ҳамда  тарғибот ва ташвиқот ишлари билан танишдилар.

Сайлов жараёни  Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексига  мувофиқ очиқ ва шаффоф ўтаётгани ҳамда Сайловолди тарғибот ишлари жараёнида оммавий ахборот воситаларида барча партиялар ва уларнинг Президентликка номзодлари учун  тенг имкониятлар яратилгани қайд этилди. Ўзбекистон кенг доирадаги кузатувчиларни  таклиф этган ҳолда халқаро ҳужжатлар доирасида қабул қилинган мажбуриятларга масъулият билан ёндашиши ҳамда умумқабул қилинган демократик тамойилларга содиқлигини  яна бир бор исботлаётгани таъкидланди.