Жамиятимизда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш учун биринчи навбатда уларга малака бериш, бандлигини таъминлаш зарур. Бу вазифани самарали ва сифатли бажармасдан аёллар ва ёшлар манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий масалаларни тизимли ҳал этиш имкони бўлмайди.

Кейинги йиллар давомида мазкур икки йўналиш бўйича давлат сиёсатини марказдан маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим жорий қилинди. Натижада қўллаб-қувватлашга муҳтож аёллар ва ёшлар истиқомат қиладиган оилаларгача кириб борилди. Маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” шакллантирилди.

Таъкидлаш ўринлики, пандемия муносабати билан мамлакатимизда карантин чоралари кучайтирилган, эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш зарурати ошган вақтда Президент ташаббуси билан жорий этилган “Темир дафтар”лар иш берди, давлат ёрдамини йўналтириб туриш, ижтимоий барқарорликни сақлаб қолиш учун асос бўлди, катта натижа берди. Ҳозирда “Темир дафтар”лар оилаларни камбағалликдан чиқариш ишларини режали ташкил этишда, рўйхатдагиларга қараб кейинги ишларни мувофиқлаштиришда қўл келмоқда. Ёшлар ва аёллар дафтарлари ҳам касб-ҳунар ўргатиш, бандликни таъминлашда манзилли ёндашувни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Жумладан, Наманган шаҳрида жорий йилда “Аёллар дафтари”га киритилган 8484 нафар аёлларнинг муаммолари ўрганилди. Уларнинг 6168 нафари ижтимоий ёрдамга муҳтож, 710 нафари боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, 370 нафари ижтимоий ёрдамга мухтож ногиронлиги бўлган аёллар, 76 нафари уй-жойини таъмирлашга муҳтож I-гуруҳ ногиронлиги бўлган ҳамда 58 нафари нотурар жойларда истиқомат қилаётган аёллар, 280 нафари қарамоғида икки ва ундан ортиқ аёллар, 616 нафари тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд аёллар, 105 нафари ҳуқуқий ёрдамга муҳтож, 99 нафари психологик ёрдамга муҳтож аёллар экани маълум бўлди. Уларга зарур моддий, тиббий, психологик ёрдамлар кўрсатилди. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 28 апрелдаги 250-сонли қарорига асосан, “Аёллар дафтари”га иккинчи босқичда 2690 нафар аёл киритилди. Бундан кўринадики, юқоридаги кўрсаткичда акс этган аёллар муаммолари сезиларли равишда ижобий ечимини топган.

Шаҳримизда 79 та фуқаролар йиғини бўлиб, улардаги 71016 та хонадон, 121846 та оилада 500 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Хатловлар натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва пандемия туфайли ишсиз қолган 7003 та оиланинг 10836 нафар ишсиз аъзолари “Темир дафтар”га киритилган эди. 2020 йил мобайнида уларнинг барчаси ишга жойлаштирилди, бандлиги таъминланди.

Аниқроқ айтганда, оилавий тадбиркорлик йўналишида 1628 нафар, ҳунармандчилик йўналишида 95 нафар, жамоат ишларида 91 нафар, ўзини-ўзи банд қилиш орқали 3956 нафар, инвестиция лойиҳалари воситасида 2207 нафар, қурилиш ишларида 1287 нафар ва бошқа иш ўринларида 1572 нафар фуқарони банд қилишга эришилди.

“Темир дафтар”га киритилган 927 нафар фуқарога 4,6 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Ҳукуматимизнинг қатор муҳим ҳужжатларига асосан ва “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида пандемия даврида қийналган эҳтиёжманд оилаларга 22,9 млрд. сўмдан ортиқ бир марталик пул маблағлари тақдим этилди.
Натижада 2020 йил давомида 4739 та эҳтиёжманд оилалардаги 25456 нафар оила аъзолари сессиялар қарорларига асосан “Темир дафтар”дан чиқарилиб, 2021 йил 1 январ ҳолатига бу дафтардаги оилалар 2264 тани ташкил этди.

Барчамизга яхши маълумки, Президентимизнинг шу йил 19-20 февраль кунлари вилоятимизга ташрифи давомида “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали “Темир дафтар”да қолган эҳтиёжманд камбағал оилаларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш бўйича олдимизга бир қатор вазифалар қўйилди. Бу борада бир қатор ишларни амалга оширдик.

Хусусан, “Темир дафтар”даги оилаларнинг оилавий даромадларини ошириш ва моддий қўллаб қувватлаш мақсадида 357 та оилага 1 млрд. 595 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар, 57 та оилага 185 млн. сўмлик субсидия асосида иссиқхоналар, ҳомийлик асосида 228 та оилага 178 млн. сўмлик беғараз ёрдамлар берилган бўлса, 25 та оиланинг уй-жойи 182 млн. сўм маблағ эвазига таъмирлаб берилди. 85 та оилага 1125 та парранда 2 ойлик озуқаси билан, 152 нафар фуқарога 59 млн. сўмлик дори-дармон тарқатилди.

Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2264 та оилага 1,8 млрд. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 710 та оилага тикув дастгоҳлари ва 274 та оилага 4110 та парранда 2 ойлик озуқаси билан берилиши эвазига бу оилалар даромадининг ўсишига муваффақ бўлинди.

Бундан ташқари, эски шаҳар ҳудудидаги 16 та МФЙда 19 та тикувчилик цехлари ташкил этилди. Уларда 585 нафар аёл ва ёшларнинг бандлиги таъминланди. Амалга оширилган ишлар натижасида секторлар ишчи гуруҳи, иқтисодий идоралар билан биргаликда 2 107 та оиланинг
(11777 нафар оила аъзолари бор) бандлиги таъминланганлиги ва ойлик даромад манбаи кўпайгани сабабли фуқароларнинг ўз розилиги билан Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши қарорларига асосан “Темир дафтар”дан чиқарилди. Ҳозирда “Темир дафтар”да қолаётган 157 та оиланинг 776 нафар оила аъзоларини даромадларини ошириш, моддий ва маънавий кўмак бериш ишлари давом этмоқда.

“Ёшлар дафтари”га эса 7299 нафар ёшлар киритилган эди. Бугунга қадар уларнинг 7023 нафари дафтардан чиқарилди. Чунки 1250 нафар ёшга 4 млрд. 850 млн. сўмлик ижтимоий ёрдам кўрсатилди. 495 нафар уюшмаган ёшлар ҳам доимий диққат-эътиборимизда бўлди. Бугунга келиб бирорта ҳам уюшмаган ёшнинг ўзи йўқ. Чунки 100 нафар ёшлар ишга жойлаштирилди, 50 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 310 нафари тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилди, 35 нафари айни пайтда мономарказда касб-ҳунарга ўқитиляпти.

Шуни ҳам айтиб ўтиш ўринлики, бугуни кунда Наманган шаҳрида ишга яроқли аҳоли сони 221,5 минг нафар. Уларнинг 18,5 минги ишсиз. Бошқача айтганда, ишсизлик даражаси 9,8 фоизни ташкил этмоқда. Олдимизда аҳолининг мана шу қисмини ҳам иш билан таъминлаш вазифаси турибди. Ўйлайманки, бу борада ҳам тез орада муайян натижага эришамиз.