Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қайта тикланган Тошкент халқаро кинофестивали дастурида бугун Голливудда ижод қилаётган ўзбек режиссёри Баҳодир Юлдашевнинг “Улуғбек ёҳуд Осмон тоқига қўйилган нарвонʼʼ номли янги ҳужжатли фильм премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу ҳужжатли фильм Шарқнинг буюк мутафаккири, Мовароуннаҳр ҳукмдори Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилади.

Фильмда Венсан Кассель, Арманд Ассанте, Франсиско Овалье каби дунёга машҳур санъаткорлар, шунингдек, Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров, Ҳошим Арслонов сингари ўзбекистонлик таниқли актёрлар роль ижро этган.

Мазкур кинокартина 2017 йилда 74-Халқаро Венеция кинофестивалида «Энг яхши хорижий ҳужжатли фильм» номинациясида нуфузли «Кинео» мукофотига сазовор бўлган, Италиянинг Искя оролида бўлиб ўтган халқаро кинофестивалда “Энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида ғолибликни қўлга киритган.