Ёзги Олимпиадада энг кўп қатнашиб, Гиннеснинг рекордлар китобига кирган спортчи Оксана Чусовитина 2022 йил ўтказиладиган Осиё ўйинларида қатнашмоқчи. Бу ҳақда спортчи Instagram саҳифасида маълум қилди.

“2022 йилги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришга қарор қилганимни барчага етказмоқчиман. Шунчаки, фаолиятимни Ўзбекистон учун медалсиз якунлай олмайман”, — дея ёзиб қолдирган 46 ёшли гимнастикачи ўзининг Инстаграмида.

Чусовитинанинг илк Олимпиадаси 1992 йилда Барселона шаҳрида ўтган. Ўшандан буён у Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини узлуксиз ва кетма-кет саккиз марта қўлга киритди. Бу жаҳон спортида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Оксана Чусовитина 1992, 1996, 2000, 2004, 2008, 2012, 2016 ва 2021 йилларда ўтказилган ёзги Олимпиадада иштирок этган. У 1992 йили жамоавий баҳсда Олимпия чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Европа чемпиони, Осиё ўйинлари чемпиони бўлган.

Ўзбекистон Президенти улкан хизматлари учун Оксана Чусовитинани “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирлаган.

Аввалроқ Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони берилганди. Шунингдек, спортчининг Халқаро Олимпия Қўмитасида иш бошлагани айтилганди.