Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Учрашувни Экопартия Тошкент вилояти Кенгаши раиси Ф.Ахмеджанов кириш сўзи билан очиб, партиянинг жамият ҳаётидаги муҳим ўрни хусусида тўхталди.

Шундан сўнг, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати М. Ходжаева Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка кўрсатилган номзод Нарзулло Обломуродовнинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастурида илгари сурилган 7 та йўналиш ҳамда уларда назарда тутилган истиқболли вазифалар билан иштирокчиларни яқиндан таништирди.

“Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида сайловолди дастурининг бош мақсади – мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тараққиёт тамойилларини иқтисодиётнинг барча соҳаларига кенг жорий этиш орқали халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитлари яратиш ҳамда фаровон жамият барпо этиш каби қатор йўналишлардан иборат.

* Мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, “яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш, қайта тикланувчи ва муқобил энергияни ривожлантириш ҳамда иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш;

* Экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш;

* Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш;

* Иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини янада ривожлантириш;

*Давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳотлар самарадорлигини ошириш;

* Соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш;

* Ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

Учрашувда жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён – Президент сайловида барча юртдошларимизни фаол қатнашишга, Ўзбекистон Экологик партиясидан номзодини тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда унга овоз беришга чақирилди.

Учрашув сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.