Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан қайта тикланган ва Кинематография агентлиги томонидан ўтказилаётган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалига Ҳиндистон делегацияси ташриф буюрди.

Кеча Тошкентда жойлашган Алишер Навоий номидаги киносаройда ҳинд меҳмонлари иштирокида махсус шоу концерт ташкил этилди. Бу ҳақда Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Саҳнага Ҳиндистон делегациясида Ўзбекистонга ташриф буюрган Митҳун Чакраборти, Бомани Ирани, Кунал Капур, Наваб Шоҳ, Рандҳир Капур ва бошқа киноюлдузлар чиқиб ўз таассуротларини ўртоқлашишди.

Агентликнинг бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда ҳинд актёри Рандҳир Капур бошчилигида афсонавий ҳинд киноюлдузи Раж Капурнинг бюсти олиб чиқилди. Мазкур бюст Капурлар сулоласининг ўзбек халқига ҳурмати рамзи сифатида тақдим этилди.

Сўнг ўзбек ва ҳинд миллий куй қўшиқлари билан рақслари ижро этилди. Айниқса, Митҳун Чакрабортининг рақси барчага манзур бўлди.

Маълумки, ҳинд киноси нафақат Осиё, балки балки дунё киносаноатида ҳам алоҳида ўтин тутади. Ҳиндистон кино экспорти бўйича дунёда биринчи ўринда туради.

Бу ерда бир йилда ўртача мингдан ортиқ фильмлар суратга олинади ва дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатларида намойиш қилинади.

Тошкент халқаро кинофестивали дастуридан ҳинд киноюлдузлари томонидан маҳорат дарслари, ижодий учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилади.