Ўзбекистон терма жамоаси от спорти оламидаги нуфузли мусобақанинг финалида иштирок этиш учун Барселонага йўл олди. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россияда ўтказилган барча саралаш босқичларида муваффақиятли иштирок этган ва Евросиё дивизионининг 11 мамлакати орасида ягона финал йўлланмасини қўлга киритган эди.

От спорти дунёсида Олимпия ўйинларидан сўнг турувчи ушбу обрўли тадбирлардан бири айнан Миллатлар кубоги мусобақасидир. Халқаро от спорти федерацияси (FEI) барча миллий федерацияларни жойлашувига кўра саралаш босқичлари ўтказиладиган 7 та минтақага ажратди ва энг кучли 18 та жамоа (1 та жамоада 4 та чавандоз) якуний турнирга йўлланма олади. Кубок финали ҳар йили кузда Испанияда бўлиб ўтади.

Маълумот учун: от спорти бўйича энг қадимий турнирлардан бири бўлган Миллатлар Кубоги 1909 йилдан Европа мамлакатларида ўтказилади ва 1930 йилдан Халқаро от спорти федерацияси унинг асосий ташкилотчисига айланди.

Эслатиб ўтамиз, Испанияда ўтказиладиган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси таркибида қуйидаги спортчилар иштирок этишади: Баҳромжон Газиев, Умид Комилов, Бекзод Қурбонов, Аъзам Толиббоев. Иштирокчи давлатларнинг тўлиқ рўйхати: Белгия, Бразилия, Канада, Франсия, Буюк Британия, Германия, Ирландия, Италия, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейсария, АҚШ ва Ўзбекистон.