Тошкент шаҳар Ички ишлар бўлими ижтимоий тармоқларда бир нечта мактаб ўқувчиларининг ўзаро жанжаллашаётганлиги акс этган видео юзасидан маълумот берди.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 28 центабр куни 94-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9 ва 10-синф ўқувчилари ва 145-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчилари Telegram ижтимоий тармоғи орқали ўзаро гап талашиб қолишган.

Шундан сўнг улар шу куни тахминан соат 13.20 ларда Тошкент шаҳар Миробод тумани Амир Темур кўчасида учрашиб муносабатларни ҳал қилишмоқчи бўлишган.

Мазкур учрашувга 20 нафарга яқин мактаб ўқувчилари келишган ва уларнинг бир нечтаси ўртасида жанжал бошланган.

Ҳолатдан хабар топган ҳудудий профилактика инспекторлари Йўлдашбеков Абузохид ва Исамухамедов Тимурлар зудлик билан воқеа жойига этиб келишган ва уларнинг аралашуви билан катта можаронинг олди олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан текширув ўтказилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади.

Ҳурматли фуқаролар! Агарда сиз бир нечта фуқаролар, хусусан вояга этмаганлар ўзаро тортишаётганлигининг гувоҳи бўлсангиз, дарҳол уларни ажратишингизни ва 102 рақамига хабар беришингизни сўраймиз. Бу билан сиз, арзимас можародек туюлган баҳс-мунозара жиддий оқибатларга олиб келишини олдини олишга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз“, – дейилади хабарда.