Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вице-президенти А. Бьерде билан учрашуви бўлиб ўтди.

Томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шу жумладан, қишлоқ жойларда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.

Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан конструктив ҳамкорлиги мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар натижасида янгича тус олгани алоҳида таъкидланди.

Жаҳон банки раҳбари пандемияга қарамай, Ўзбекистон иқтисодий ўсиш кузатилаётган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири эканини таъкидлади.

А. Бьерде сўнгги 5 йилда амалга оширилган самарали ислоҳотлар туфайли республика COVID-19 пандемиясига муваффақиятли қарши кураша олгани ҳамда кейинги муҳим ўзгаришлар учун барқарор замин яратганини таъкидлади. Жаҳон банки лойиҳалар ва дастурлар орқали бу йўлда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Бундан ташқари, томонлар 2021-2022 йилларда ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини давом эттириш ва инсон капиталини оширишда Банк томонидан таклиф этиладиган истиқболли лойиҳаларни ҳам муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди. Ўзбекистондаги ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга Жаҳон банкининг ҳам тайёр экани таъкидланди.

Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг бошқа масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.