Сурхондарёда авф этилганлар ижтимоий ҳаётга йўналтирилмоқда, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. Маълум қилинишича, вилоят ҳокими Тўра Боболов улар билан учрашган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Мустақилликнинг 30 йиллик” байрами муносабати билан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонига биноан, Сурхондарё вилоятидан ҳам 4 нафар шахслар жазони ижро этиш муассасалардан озод этилиб, яшаш манзилларига қайтган.

Шу муносабат билан Тўра Боболов афв этилганларни қабул қилиб, уларга халқимизга хос бағрикенглик фазилатини намоён этган Президентнинг ишончини оқлаб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, жамиятда ўз ўрнини топиши, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозимлигини таъкидлаган.

Мутасаддиларга афв этилганларни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини тиклаш, ишга жойлаштириш ва шу каби бошқа ҳаётий масалаларда амалий ёрдам бериш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.