Бугун Чемпионлар лигаси 2-туридан ўрин олган 8та баҳс ўз ниҳоясига етди. Ушбу турнинг бугунга режалаштирилган баҳсларида ҳам сенсацион натижалар қайд этилди.

Дастлаб “Аталанта” ўз уйида “Янг Бойз”ни қабул қилди. Муросасиз кечган ўйинда мезбонлар қийинчилик билан минимал ҳисобда ғалаба қозонди.

“Аталанта” – “Янг Бойз” – 1:0

Гол: Пессина

Иккинчи баҳс Россияда “Зенит” “Мальмё” клубини қабул қилди. Ўйиндан олдин кўплаб футбол мутахассислари “Зенит”нинг устунлигини тахмин қилишган эди, амалда ҳам шундай бўлди.

“Зенит” – “Мальмё” – 4:0

Голлар: Клаудиньо, Кузяев, Стормин, Вендел

Кейинги баҳс Германияда бўлиб ўтди. Унда “Бавария” ўз уйида “Динамо Киев” клубини қабул қилди. Ушбу баҳсда мюнхенликлар рақибини аяб ўтирмади.

“Бавария” – “Динамо К” – 5:0

Голлар: Левандовски (дубль), Гнабри, Сане, Шупо-Мотинг

Илк турда кучли рақибдан мағлубиятга учраган “Барселона” иккинчи турда ҳам очкосиз қолди. “Барселона” иккинчи турда Португалиянинг “Бенфика” клуби билан меҳмонда куч синашди ва кутилмаганда йирик ҳисобда мағлубиятга учради.

“Бенфика” – “Барселона” – 3:0

Голлар: Нуньес (дубль), Силва

Яна бир баҳс Германияда бўлиб ўтди. Унда “Волфсбург” Испаниянинг “Севилья” клубини меҳмон қилди. Муросасиз кечган баҳсда икки жамоа ҳам дурангга имзо чекди.

“Волфсбург” – “Севилья” – 1:1

Голлар: Штефен – Ракитич

Франциянинг амалдаги чемпиони “Лилль” иккинчи турда “Залсбург” меҳмони бўлди. Қизиқарли кечган баҳсда “Залсбург” қийинчилик билан ғалабани қўлга киритди.

“Залсбург” – “Лилль” – 2:1

Голлар: Адееми (дубль) – Йилмаз

Илк турда кутилмаган тарзда мағлубиятга учраган “Манчестер Юнайтед” ушбу турни ўз уйида ўтказди. Иккинчи турда Сульшер шогирдлари азалий рақибларига айланиб бораётган “Вильярреал” клуби билан куч синашди.

“Қизил иблислар” учун қийин кечган баҳснинг қўшимча дақиқаларида катта саҳнага Криштиану Роналду чиқди ва жамоасининг ғалабасини таъминлади. Шу тариқа Роналду ўз лидерлигини ушбу клубда ҳам кўрсатиб қўйди.

“Манчестер Юнайтед” – “Вильярреал” – 2:1

Голлар: Теллес, Роналду – Алькасер

Сўнги баҳс Туринда “Ювентус” ҳамда “Челси” клублари ўртасида бўлиб ўтди. Ушбу ўйинда “кекса синёра” амалдаги Чемпионлар лигаси ғолибларини қийинчилик билан мағлубиятга учратди.

“Ювентус” – “Челси” – 1:0

Гол: Кьеза