Очилбой Раматов. Бу номни шахсан Президент Шавкат Мирзиёев бот-бот таъкидлашидан кўпчилик жуда яхши хабардор. Аксарият ҳолларда унга ўта кучли масъулият талаб қиладиган катта лойиҳалар топширилади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 2010−2017 йилларда қурилган  Сардоба сув омборига бош пудратчи —“Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК (ўша пайтда Бошқарув раиси Очилбой Раматов бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ) танланган. Қурилишига эса давлат бюджетидан 1,2 трлн сўм сарфланган. Сув омборидан фойдаланиш “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Сардоба сув омбори объэктларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси” томонидан амалга оширилган.

2019 йил февраль ойида 2002 йилдан буён “Ўзбекистон темир йўллари” Бошқарув раиси сифатида ишлаб келган Раматов бошқа лавозимга тайинланганлиги туфайли вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнини “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда Бош менежер лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Хуснутдин Хасилов эгаллади. 2019 йил 18 декабрь куни фожиа содир бўлган Юнусободдаги метро қурилиш ишларига ҳам “Ўзбекистон темир йўллари” масъул бўлган. Ҳодиса рўй берганидан бир неча соат ўтиб Вазирлар Маҳкамасининг 1058-сонли фармойишига мувофиқ сабабларни ўрганиш, оқибатларини бартараф этиш ҳамда келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилган эди.

6 кишининг ҳаётига зомин бўлган воқеадан кейин Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” банди, 258-модда (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилганди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Кўприкқурилиш” трести 67-сонли кўприк қурилиш экипажи бошлиғининг ўринбосари (қурилиш учун масъул) О. Алимов, отряд бошлиғи Бобозҳонов С., қурилиш ишлари бўйича отряд бригадаси Ашуров С., “Тошкент метрополитени” УКнинг Метрополитен линияларини қуриш дирекцияси ишлаб чиқариш бўлимининг қурилиш-монтаж ишларида катта инспектори Мухамедраҳимов Б.лар 257-модданинг 2-қисми “а” ва “б” бандларида, 258-модданинг 2-қисм алоҳида инобатга олинган белгилар мавжудлиги аниқланди.

Шу билан бирга, улар илгари судланмаганликлари, марҳумларнинг оила аъзолари томонидан эътирозлар мавжуд эмаслиги шунингдек, ижобий тавсифномаси инобатга олиниб, юқорида қайд этилган шахсларга нисбатан 2020 йил 18 мартда жиноий иш тўхтатилган ва ҳеч қандай жавобгарликка торилмаган. Экспертиза хулосаси эса фожиага, Юнусобод метро бекатининг туннели ўнг томонининг темир-бетон конструкцияси қулаб тушганига туннелни очиқ усулда ковлашда техник хавфсизлик қоидаларининг бузилганлиги ва қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилганлиги сабаб бўлганлигини, бу масъул шахсларнинг жараённи етарлича назорат қилмаганлиги натижасида содир бўлганлигини кўрсатмоқда.

2021 йил 8 апрель куни Тошкент метросининг Сергели йўналишида ҳаракатланган поезд тўхтаб қолди. Ушбу йўналишда Чилонзор йўналишидаги “Олмазор” бекати томон ҳаракатланган метро поезди ер усти йўлида тўхтаб қолган. “Ўзбекистон темир йўллари” маълумотига кўра, йўналишдаги ҳаракатини тўхтатиш сабаби – контакт рельсининг кронштейнни ушлаб туриш қурилмаларидан чиқиб кетиши оқибатида носозлик келиб чиққан. Сергели йўналиши 2020 йил декабрида ишга туширилганди. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 83 миллион долларни ташкил этиб, бу йўналиш “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида барпо қилинганди. Ушбу йўналишда март ойида ҳам авария ҳолати содир бўлган, унда икки состав тўқнашиб кетганди. Ҳа, майли булар тўғрисида гапирсак гап кўп. Энди ўз-ўзидан савол туғилмоқда: 2021 йилнинг  шу давригача, Очилбой Раматовга давлат раҳбари томонидан қандай топшириқлар берилди?

Мирзиёев раислигида 2021 йил 3 март куни уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Президент:

“Қурилиш сифатини ошириш масъулиятини Раматов ва вилоят ҳокимлари ўз зиммасига олиши шарт ва зарур. Икки ой муддатда бўлажак уй эгаларига лойиҳа планировкаси, ишлатиладиган қурилиш материаллари, нарх-наво шаклланиши каби масалаларни тушунтириб берадиган тизим яратиш зарур!” – дея алоҳида урғу бериб ўтди.

Шавкат Мирзиёев 2021 йил 24 март куни ўтказилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши вақтида Раматов зиммасига катта вазифани юклади:

“Умуман олганда, Очилбой Раматов ва Жамшид Қўчқоров бу борадаги ишларни 11 триллион сўмлик ипотека дастурлари ижросини таъминлаш билан бирга ташкил этиб, жами 31,5 триллион сўмлик лойиҳаларни якунига етказишга шахсан жавоб беради. Раматов сифатига, Қўчқоров пулига. Энди “ўғирлаб кетди” деган гап кетмайди!”, – деди Ш.Мирзиёев.

2021 йил 16 апрель куни Ўзбекистон президенти Самарқанд вилояти маркази Гулобод қўрғонига кўчирилишини маълум қилди ва бу лойиҳани кимлар ишлаб чиқиши кераклигини айтди:

“Раматов, Закиров, Турдимов чет эллик лойиҳачиларни жалб қилган ҳолда, йил якунига қадар Самарқанд шаҳрининг кенгайишини ҳисобга олиб, бош режа лойиҳасини ишлаб чиқади!”, – деди Мирзиёев.

Ўша куни президент, Самарқанд вилоятида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича Раматов, Саифназаров, Турдимов Жаҳон банки иштирокидаги Каттақўрғон шаҳрининг ичимлик ва оқова сув тизимларини яхшилаш бўйича 66 миллион долларлик лойиҳанинг қурилиш ишларини бошлашни тезлатиши кераклигини ҳам қўшимча қилди.

2021 йил 12 май куни Давлат раҳбари макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича, биринчи ярим йилликдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди ва бунда ҳам Очилбой Раматовнинг номи тилга олинди:

“Ҳудудлар кесимида Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг ҳар бирига қарийб 1 триллион сўмдан муаммоли кредитлар тўғри келмоқда. Бу маблағларни қайтаришга бош вазир ўринбосарлари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор ва тижорат банклари раҳбарлари шахсан жавоб берадилар.

Бунда, Умурзоқов – 5 триллион сўм, Қўчқоров – 4,2 триллион сўм, Раматов – 2,2 триллион сўм, Ғаниев – 1,8 триллион сўм, Мусаев – 120 миллиард сўм, Абдуҳакимов – 103 миллиард сўмнинг қайтимига тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан бирдек жавоб беради.

Раматов, Қўчқоров, Умурзоқов, Ғаниев, Мусаев, Абдуҳакимов вилоят ҳокимлари билан бирга, икки ҳафта муддатда ўз комплексига кирувчи корхоналарнинг муаммоли қарздорлигини тўлиқ хатловдан ўтказиб, иккинчи чорак якунига қадар уларнинг камида 25 фоизини, йил якунига қадар эса 100 фоиз қайтимини таъминлаш бўйича ҳудудлар ва тармоқлар кесимида графикни тасдиқласин!”– дея талаб қўйди президент.

2021 йил 28 майдаги Мирзиёев иштирокидаги видеоселектор йиғилишида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, турар-жойларни таъмирлаш ишлари муҳокама қилинди. Дастурларни амалга ошириш учун масъуллар йил якунига қадар вилоятларга бириктириб қўйилди. Раматов – Қашқадарё ва Самарқандга жавоб берадиган бўлди. Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев бир қатор рақамларни ҳам очиқлаб, бошқалар қаторида Очилбой Раматовни ҳам қаттиқ танқид остига олди:

“Бу кичкина масала эмас, жуда муҳим. Бу ишларга жуда кўп маблағ беряпмиз. Кўп қаватли уй-жойларга шу пайтгача эътибор бермагандик. Нима қилсак аҳолини рози қиламиз? Ҳар бир ҳоким бу бўйича ўз режасини айтади. Баландпарвоз гаплар керак эмас, нима қилсак одамлар ишимиз натижасини сезади, деган саволга жавоб излашимиз керак”, – деди президент сўзининг бошида.

“Жорий йилги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлаш доирасида, 7 794 та қишлоқ ва маҳаллада бажарилиши лозим бўлган аниқ ишлар белгиланиб, бунга 18 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига, яна қўшимча 300 миллион доллар ажратдик. Натижада, биргина ичимлик суви таъминоти соҳасида 1 минг 400 километр тармоқлар қурилди ва реконструкция қилинди, 8,5 минг километр ички йўллар таъмирланди.

Ўтган даврда 2 минг километр электр тармоқлари тортилиб, 1 мингта трансформаторлар янгиланди. Лекин, барча соҳалар ва ҳудудларда ҳам ишлар бир хилда сифатли бажарилаяпти, деб бўлмайди. Мисол учун, жами 256 та (13 фоиз) ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилмаган бўлса, 600 та (47 фоиз) объектлар бўйича тендер якунланмаган. Шундан 290 та мактаб, 164 та боғча, 110 та тиббиёт муассасаси, 12 та маданият, 22 та маҳалла ва 2 та спорт объекти. Пул берган бўлсак, ўтган йилдан бери тайёргарлик қилдиларинг, лекин қани натижа? НЕГА РАМАТОВ БИРОР КИШИНИ ЖАЗОЛАШ, ИШДАН ОЛИШ БЎЙИЧА ТАКЛИФ КИРИТМАЙДИ? – деди ўзбекистон Президенти.

2021 йил 2 июнь куни Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида Сув таъминотини босқичма-босқич амалга оширишиш кераклигини таъкидлади ва “Тўпаланг” сув омбори Сурхондарё халқига хизмат қилиши кераклигини айтди ва Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, бу лойиҳага, яъни “Тўпаланг”дан аҳолига сув етказиб беришга шахсан жавобгар бўлиши эълон қилинди.

Лойиҳа ҳаётга татбиқ этилганидан сўнг 2,5 млн кишилик Сурхондарё вилояти аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади. Жорий йил 5 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида О.Раматов, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов, сенатор А.Сангинов Сариосиё туманида бўлиб, вилоятнинг барча туман ва шаҳарларини ичимлик сув билан таъминлайдиган йирик лойиҳага старт беришга ҳам улгурган.

Таъкидланишича, лойиҳанинг умумий қиймати 138 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. У маҳаллий “Toʼpalang HPD Platinum” корхонаси томонидан 2021-2023 йиллар давомида босқичма-босқич ишга туширилиши белгиланган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, Очилбой Раматов  Таваллуд санаси: 1962 йил 21 август куни Хоразм вилояти шовот туманида таваллуд топган.  “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” (2000), “Фидокорона хизматлари учун” ордени (2007),  “Эл-юрт ҳурмати” ордени (2011), “Ўзбекистон Қаҳрамони” (2013) унвонилари билан тақдирланган.

2015 йилда Россия Федерациясининг “Дўстлик” ордени берилган.