Иссиқ қурғоқчил чўл ўрнида қачонлардир дунёда катталиги бўйича тўртинчи ўринни эгаллаган ҳақиқий денгиз бўлганига ишониш қийин. Унда балиқ овлаш учун катта кемалар сузиб юрар, тўлқинлар қирғоқ қояларига урилар ва юзлаб сайёҳлар эса сузиш ва қуёшда тобланиш учун унинг пляжларига келишарди.

Бир томондан – Қорақум, бошқа томондан – Қизилқум ва уларнинг ўртасида Орол денгизи, аниқроғи унинг туби. Ҳозирда бу жой «Оролқум» ёки «Янги чўл» деб номланади ва у 54 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. Ўнлаб кемалар бу ерда боқий тўхтаб қолиб, аста-секин занглаган қабристонга айланиб бормоқда. Кемадан қайиқ олдига ўтар экан, одам бошига беихтиёр ҳар бир кеманинг ўз ҳикояси, ўз сардорига эга эканлиги тўғрисидаги ҳаёллар келади. Энди бу аксил-утопия манзарасига ўхшайдиган кемалар қабристони. Буларнинг барчасини Орол денгизининг жанубий соҳилидаги Мўйноқ шаҳрида кўриш мумкин.

Ярим аср олдин, бу ернинг қирғоқларига балиқ овлаш кемалари келган, энг йирик балиқ фабрикаси ишлаган ва кўплаб пляжлар жуда машҳур бўлган. Мўйноқ бутунлай сув билан ўралган ва унга самолёт ёки кема орқали етиб бориш мумкин эди. Орол денгизи ўзидан кейин жонсиз чўлни қолдириб деярли 200 км орқага қайтган.

Денгизнинг қуриш сабаблари аниқ маълум эмас. Лекин, бир вақтлар Амударё ва Сирдарёдан суғориш ва сув чиқариш учун сувни нотўғри ишлатиш ҳақида тахмин тарқалган эди. Денгиз тубидан топилган топилмаларнинг баъзилари ҳозирда “Орол тарихи музейи”да сақланмоқда.

Орол денгизининг туби ҳақиқатан ҳам сирли, баъзи олимлар уни Атлантида билан таққослайди. Денгиз тубидаги қадимги аҳоли пунктларидан ташқари, геометрик шакллар ҳам топилган, уларни кўпчилик “ердан ташқаридаги цивилизацияларнинг мурожаатномаси ёки қадимий ҳарфлар” деб ҳисоблайди.

Пастда чексиз Марс ландшафтлари каби, минглаб гектар майдонда ҳеч қандай ҳаёт бўлмайдиган оқ туз конларини кўриш мумкин. Вақти-вақти билан саксовул сафлари пайдо бўлиши мумкин, бу одамнинг иши эканлиги сезилади.

Ажабланарлиси шундаки, Орол денгизи фалокатининг олдини олишга ҳаракат қилган ўзбек халқи одатдаги чўлда саксовул экиб, яшил воҳалар яратмоқда. Орол бўйида исталган киши ўтов манзилгоҳларда қолиб, қорақалпоқ маданиятини ҳис қилиши мумкин.

Бутун кузатув даврида Орол денгизи сатҳининг ўзгариши 3 метрдан ортмаган ва бу ҳам фақатгина табиий сабабларга кўра рўй берган, яъни 1960 йилга қадар Орол денгизининг ҳолати етарли даражада барқарор бўлиб келган.

Кейин эса ҳаммамизга маълум ҳалокатнинг бошланиши юз берди. Собиқ Совет иттифоқига пахта керак эди. Пахтакорлик жабҳасида «зарбдор фронт»лар ташкил этилиб, Совет иттифоқининг марказидан туриб амр қилинган, йилига 6 000 000 тонна пахта етиштириш режасини оқлаш йўлида «социалистик мусобақа» деб номланган ва ким ўзарга бўлган ҳудудлараро беъмани пойга авж олган.

Натижада, Орол «ўлди», «ўлик денгиз» га айланди. Бир пайтлар балиқларни, кемаларни ўз бағрига олган Орол денгизи ҳозирда фақат саксовуллар ва тузли қумларни ўзига олган.

Гўзаллик гўё одамлардан аразлагандай жуда тезлик билан оролни тарк этиб кетарди. Ўша даврларда кемалар жуда ҳам кўп эди. Уларнинг кўпчилигини металломга топшириш учун арралаб, ташиб кетиб қолинган. Хўжасизлик хукм сурган жойдан яна нимани кутса бўлади, ахир.

Айтишларича, қолган кемалар ёдгорлик сифатида сақланиб қолар эмиш. Бироқ, ҳақиқатдан ҳам сақланиб қолиши учун улар қўриқланмайди. Нима бўлганда ҳам барчасини вақт кўрсатади.

Мўйноқдаги Кемалар қабристони эса қандайдир маишат майдони. У ердаги “пиво”, “ароқ” ҳамда турли хил ичимликларнинг “бутилка” ларини, сигарет қолдиқларини, қанчадан-қанча мусорларни, шунингдек, қабрга ўхшаб қолган кемалардан тарбиясиз, “романтик ёшларнинг” чизиб кетган бемани суратларини кўриб одамнинг таъби тирриқ бўлади.

Мўйноқ сўнгги йилларда ўзгариб кетди. Бир вақтлар йўқолган денгиз портидан ташқари, ушбу минтақа мамлакатга ташриф буюрувчиларни ҳайратда қолдирадиган нарсага эга. Масалан, мазали қорақалпоқ ошхонаси, меҳмондўстлик, қизиқарли миллий урф-одатлар ва инсонда бўлган энг оддий нарса – сувни тежашни биладиган меҳрибон одамлар!

(Интернет манбалари асосида тайёрланди)

Асадбек КАМИЛОВ