Бугун Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан яна бир таълим даргоҳи, Тошкент Давлат Аграр Университети педагоглари жамоаси билан учрашди. Н.Обломуродов сўзини университет жамоасини касб байрами билан табриклашдан бошлади.

“Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз. Ўқитувчилар эса бизга зиё улашгувчи чароғбонлардир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган сўз бор. Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, таълим берган ўқитувчи, муаллимларга ҳурмат ва меҳр илдиз отган бўлади”.

Қолаверса, биз сайловолди дастуримизда жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш, экологик маданиятни юксалтириш бўйича Миллий дастурни қабул қилиш, оила ва маҳалла тизимида инсоннинг табиатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга қаратиш, аҳолининг атроф муҳит ҳолати бўйича хабардорлигини ошириш, ҳар бир шахсда атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, яшил ташаббусларни амалга оширишга эътиборни янада кучайтириш кабиларни амалга оширишни устувор вазифа сифатида белгилаб олганмиз.

Бу вазифаларни бевосита амалиётга тадбиқ этишда сиз педагогларнинг билим ва тажрибангизга таянамиз, — дейди Нарзулло Обломуродов. — Чунки ушбу ўқитувчи ва муаллимлар мамлакатнинг энг кучли зиёли қатламини ташкил қилади. Бу эса жуда катта куч деганидир.

Н. Обломуродов шу билан бирга аграр соҳадаги камчиликлар ва ечимини кутаётган муаммоларга ҳам қисқача тўхталиб ўтди.

Учрашувда педагог-ходимлар ҳам ўз фикрларини билдириб, шаҳарларда қурилиш ишларини лойиҳалаштириш жараёнидаёқ ҳар бир дарахтни эътиборга олиб, имкони борича уни сақлаб қолиш чоралари кўрилиши кераклигини таъкидлашди. Шунингдек иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммолар туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган озиқ-овқат танқислиги, чўлланиш, ичимлик суви тақчиллиги каби глобал муаммолар юзасидан ҳам фикрлар алмашилди.

Учрашув сўнггида Нарзулло Обломуродов Тошкент Давлат Аграр университети педагоглар жамоасига машаққатли меҳнатларида зафарлар тилади.